Америкада Фазлиддин Қурбоновнинг суд эшитуви яна кечиктирилди

АҚШ терроризмга алоқадорликда айбланаётган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновнинг иши бўйича суд эшитуви 2014 йилнинг октябрь ойига кечиктирилди.

30 яшар Фазлиддин Қурбонов шу йилнинг 17 май куни Айдаҳо штатининг Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган эди. У одамларни портловчи қурилмалар тайёрлашга ўргатганликда айбланмоқда. Шу билан бирга, АҚШ адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Қурбонов Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бўлган ҳамда террористик гуруҳларни моддий қўллаб-қувватлаган.

Idahostatesman интернет нашрининг ёзишича, округ судьяси Эдвард Ж. Лож давлат хавфсизлиги ёки махфий маълумот сифатида тасдиқланган барча материаллар ошкор қилинмаслигини қайд этди. Айни пайтда ишда иштирок этадиган айбланувчи ва адвокатлар ишларни кўриб чиқиб учун қатъий талабларга жавоб бериши керак бўлади.

Прокуратура вакиллари суд иши давомида халқаро ва диний терроризм, терроризмга жалб қилиш, шунингдек, молия ва коммуникация масалалари бўйича экспертлар хулосасини эшитишни режалаштирмоқда. Улардан бири Гуидо Штайнберг бўлиб, у Ўзбекистон исломий ҳаракати бўйича эксперт ҳисобланади. У Берлиндаги Германия Халқаро хавфсизлик масалалари институти тадқиқотчиси бўлиб, Ал-Қоидага қарши 30 дан ортиқ суд ишларида суд эксперти сифатида иштирок этган. Суд ишида, шунингдек, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган доктор Темур Ҳақбердиев таржимон сифатида жалб қилинган.

Терговчиларга кўра, Қурбонов Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бўлиб, унинг ҳибсга олиниши АҚШда ушбу террористик гуруҳ аъзолари учун илк ҳолатдир. Федерал тергов бюросига кўра, Қурбонов рус ва ўзбек тилларида бемалол гаплаша олади.

Эслатиб ўтамиз, бу навбатдаги суд эшитувнинг узайтирилиши бўлиб, 2014 йилнинг 1 июль куни бўлиб ўтиши кутилаётган эди. Унгача Қурбонов эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланади.  Фазлиддин Қурбонов ўзига қўйилаётган айбларни тан олмаган.