Ўзбекистонда нега америкалик сайёҳлар кам?

Ўзбекистон Республикасининг Сиэтл шаҳридаги фахрий консули Г. Фурлонг “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев билан мулоқот олиб борди. “Подробно” ахборот агентлигининг ёзишича, учрашувда фахрий консул жаноблари Америка ва Канада фуқароларининг Ўзбекистон сайёҳлик имкониятлари ҳақида хабардорлиги даражаси унчалик юқори эмаслигини қайд этди. У “Ўзбектуризм” ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотларини Америка бозорида илгари суришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон йирик сайёҳлик компанияларининг Америкада ташкил этиладиган турли сайёҳлик конференциялари, кўргазмаларида  иштироки, туризмга ихтисослаштирилган ўқув муассасалари талабалари ўртасида алмашинув, шунингдек, ўзаро спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали америкалик туристлар сонини ошириши мумкин.

Фахрий консулга “Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан ташкил этилаётган турли тадбирлар хусусида батафсил ахборот берилди. Чунончи,   “Мега-инфо-тур” давлат дастури, Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ҳамда мазкур ярмарка доирасида жорий йил илк бор ташкил этиладиган “Hosted buyers” дастури америкаликларда катта қизиқиш уйғотиши айтиб ўтилди. Маълум бўлишича, Америка сайёҳлик компанияларига мазкур тадбирларда иштирок этиш учун таклифномалар юборилган. Жаноб Фурлонг, ўз навбатида, Американинг етакчи сайёҳлик компанияларидан иборат гуруҳни тайёрлаш ва ўз таклифларининг дипломатик каналлар орқали юборишини маълум қилди.