Хитойлик тадбиркорлар: Ўзбекистонда ксенофобия учрамайди

Ўзбекистон мустақиллик йилларида изчил ривожланиб, хитойлик тадбиркорлар учун жозибали мамлакатлардан бирига айланмоқда, 2012 йилдан бери, яъни Хитой ва Ўзбекистон стратегик шериклик тўғрисида битим имзолаганидан сўнг мамлакатда хитойлик тадбиркорлар сони изчил ортиб бормоқда, деб ёзади Хитойнинг Ecns.cn нашри.

Тошкентда 20 йилдан бери истиқомат қиладиган  Yan Yaoyang мамлакатда бизнес юритиш ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлганини айтади. Ўзбекистонда туризм соҳасида фаолият юритадиган ушбу тадбиркорнинг фикрича, сўнгги йилларда хитойликлар орасида Ўзбекистонга нисбатан муносабат жадал ўзгариб бораётир. “Нафақат пенсионер-сайёҳлар Ўзбекистонга келишмоқда, балки ўз маблағини у ёки бу соҳага тикишга тайёр бўлган инвестор ва ишбилармонлар ҳам мунтазам келиб туришмоқда”, — дейди у.

Нашр мисол тариқасида 2009 йили Сирдарё вилоятида очилган технопаркни келтиради. 370 минг метр квадратни эгаллаган ушбу паркда безакли плиткалар, кийим-кечак, оёқ кийим, мобиль телефонлар, кранлар, омихта ем ишлаб чиқарадиган еттита завод жойлашган. Ушбу корхоналарнинг барчаси Вэньчжоу хусусий компанияларига тегишли бўлиб, ишчиларнинг 80 фоизи маҳаллий аҳолидир.

Технопарк директори Wang Xinghe айтишича, бу ерда ишлаб чиқилаётган буюмлар нафақат маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

Аксарият хитойлик тадбиркорларнинг фикрича, Ўзбекистон аҳолиси билан ўзига хос мамлакатдир. “Ўзбекистон аҳолиси хорижликларга нисбатан дўстона муносабатда бўлишади, бу ерда ксенофобия учрамайди, лекин Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бунга дуч келганмиз”, дейди улар.

Хитойлик тадбиркорларнинг фикрича, Ўзбекистонда фаолият юритишга тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири хорижий валюта устидан қаттиқ назоратнинг ўрнатилганидир. “Бу бизнинг бош оғриғимиз, банклар самарадорлиги анча паст, долларни топиш жуда мураккаб, янада қийини, уларни Хитойга олиб қайтишдир. Агар Хитойга катта миқдорда валюта жўнатиш керак бўлса, компания катта харажат қилиши керак бўлади. Валютанинг “қора бозор”и анча халақит беради”, — дейди Shandong Kerui Holding Group Co компаниясининг савдо бўйича директори Yu Hongkai.

Шуларга қармасдан хитойлик тадбиркорлар истиқболга умид билан қарашади. “Ўзбекистон Иқтисодий ипак йўлини барпо этишда муҳим давлат. Ишончимиз комилки, минтақавий ва халқаро муаммолар аста-секин ҳал қилинади”, — дейди хитойлик тадбиркорлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси Раисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланган эди. Хитой раҳбарининг мазкур ташрифи чоғида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан Хитой Давлат тараққиёт банки ўртасида 11,6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш бўйича битим имзоланди.