“Ўзбекэнерго”: Ўзбекистонда узоқ муддатли истиқболда АЭС қурилиши режалаштирилмаяпти

Ўзбекистон узоқ муддатли истиқболда атом электр станциясини қуришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда “Новый век” газетаси “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси матбуот хизмати маълумотига асосланиб хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни бир қатор онлайн оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон мамлакатнинг шимоли-шарқида яқин йилларда АЭС қуришни режалаштираётганини маълум қилган эди. Хусусан, Лента.Ru нашрига кўра, Ўзбекистон тарафи “пудратчилардан лойиҳа смета ҳужжатларини қабул қилишга тайёр”лигини маълум қилган. Унга биноан, Ўзбекистон буни мамлакат энергетика ресурсларини диверсификация қилиш стратегияси доирасида амалга оширишни мўлжалламоқда.

“Бу ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди. Компаниянинг истқиболдаги режаларида АЭС қурилиши кўзда тутилмаган”, дейилади компания ахборотида. Унга кўра, Ўзбекистон ўз иссиқлик-энергетика мувозанатини диверсификация қилиш учун 2030 йилга қадар газ генерацияси улушини 85 фоиздан 65 фоизга туширишни режалаштирмоқда. Бунга қайта тикланадиган энергия орқали эришиш кўзда тутилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 45 электр станцияси бўлиб, уларнинг умумий қуввати 12,4 минг МВт, шу жумладан, 10,1 МВтга тенг бўлган 10 та иссиқлик электр станцияси мавжуд. Мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти 56-57 миллиард кВт соат бўлиб, 2013 йилда 2012 йилга қараганда 3,2 фоиз ўсиб, 54,2 кВт соатни ташкил қилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати электр энергияси тизимларини модернизация қилишга қаратилган 8 миллиард долларлик лойиҳаларни рўёбга чиқармоқда.