Ашраф Ғани Аҳмадзой Афғонистон президенти сайловида ғалаба қозонмоқда

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси шу йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи турининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Ашраф Ғани Аҳмадзойга 56,44 фоиз сайловчилар овоз берган. Бу ҳақда  BBC World хабар тарқатди. Унинг рақиби Абдулла Абдулла эса 43,56 фоиз олган.

Жаҳон банки собиқ ходими Ашраф Ғани Ғарб билан мулоқот ва музокара олиб боришда катта тажрибага эга, шунингдек, иқтисодий менежмент кўникмаларига эги. Экспертлар Ғарб Афғонистонга кўрсатиладиган молиявий кўмак миқдорини камайтириши хусусида бонг уриб турганда, унинг хизматига катта эҳтиёж туғилади.

Эслатиб ўтамиз, сайловнинг биринчи турида Абдулла Абдулла 45 фоиз, Ашраф Ғани эса 31,6 овоз олганди.

Мустақил сайлов комиссиясига кўра, президентлик сайловининг иккинчи тури якуний натижалари эса 23 июлда эълон қилиниши ҳамда янги президент 2 август куни қасамёд қабул қилиши керак.