Coca Cola яқин кунларда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди

“Coca Cola” Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайта тиклайди. Бу ҳақда Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD компанияси вакили Anhor.Uz сайтига маълум қилган. Унга кўра, завод яқин кунларда ўз фаолиятини бошлашни режалаштирмоқда.

“Аниқ муддатини айта олмаймиз, кола ичимлигини қачон қадоқлаш бошланиши ҳозирча номаълум, аммо яқин кунларда бу юз беради”, деди компания вакили.

Эслатиб ўтамиз, профликатика тадбирлари боис жорий йил бошидан бери компания ишламаётган эди.

Шу йилнинг март ойида Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD компаниясидаги давлатнинг 57,12 фоиз улуши Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига берилди.

Завод шундоқ ҳам анчадан бери маҳсулот ишлаб чиқармаяпти, ҳозирги кунда савдо дўконларидаги маҳсулотлар ҳам 2013 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда Ўзбекистон бозорларида Қозоғистонда ишлаб чиқарилган кока-кола маҳсулотини ҳам учратиш мумкин.