Туркия — Ўзбекистон: Аҳмет Довутўғли ташрифи икки давлат ўртасида муносабатлар “илиқлашган”идан даракми?

Ҳеч ким сир эмас, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари сўнгги ўн уч йил давомида ўзининг энг қуйи нуқтасида бўлиб келди. Гарчи савдо, транзит ва бошқа иқтисодий муносабатлар барқарор турган бўлса-да, дипломатик алоқалар, сиёсий маслаҳатлашувлар қарийб музлаб қолган эди. Экспертлар бунга ўзига хос сиёсий ва ғоявий сабабларни келтиришар эди.

“Йўл харитаси”

Ҳаммаси Ислом Каримовнинг Сочида Туркия бош вазири Ражаб Эрдоған билан учрашувидан бошланди. ЎзА ва “Ахборот”да бир сатрда эслаб ўтилган мазкур учрашув — бугун минтақа оммавий ахборот воситалари кенг тилга олаётган “Ўзбекистон — Туркия-2” ҳамкорлик алоқаларининг тамал тошини қўйиб берди. Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли сўзларига кўра, ўша учрашувда Ислом Каримов ва Ражаб Эрдоған бир йилда бир марта ҳам Ташқи ишлар вазири даражасида ҳамда давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиб турилишига келишиб олишган.

mfa.gov.tr
Абдулазиз Комилов ва Аҳмет Довутўғли/mfa.gov.tr

Маълумки, Ўзбекистон раҳбари ҳар бир хорижий мамлакатга сафар қилар экан ёки улар билан музокара оли борар экан, асосий эътиборни “тенг ҳуқуқлилик, ўзаро тенг манфаатлар” руҳида олиб боришга алоҳида эътибор қаратиб келади. Экспертларнинг фикрича, Сочидаги учрашувда Ислом Каримов бу принципни яна бир карра Туркия ҳукумати раҳбарига етказа олган. Негаки, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу сафар муносабати билан тарқатган матбуот хабарида  “Мулоқотлар чоғида икки давлат ўртасида тенг ҳуқуқлилик ҳамда тенг манфаатли ҳамкорлик асосида муносабатларни янада ривожлантириш, икки давлатни ташвишлантираётган долзарб масалалар муҳокама қилинади” деган тушунчага алоҳида урғу берилган. Кўпчиликнинг фикрича, 13 йиллик сукунат давомида Ўзбекистон Туркия раҳбариятига ўзининг ҳақлигини исботлаб бера олган.

Маълумки, одатда янги босқичга қадам қўйилаётганда ёки қолоқ аҳволдаги вазиятни ўнглаш ёхуд инқироздан чиқиш учун “йўл хариталари” ишлаб чиқилади. Туркия ташқи ишлар вазири “Биз дўстимиз, вазир Комилов билан Ўзбекистон ва Туркия муносабатларини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олдик. Бу йўл харитаси ҳақида Президент Ислом Каримовга ҳам маълум қилдим ва у киши буни маъқулладилар” деган гапининг ўзиёқ икки давлат ҳам сиёсий мулоқотларнинг аҳволини яхши тушуниб турганидан дарак беради.

Хўш, ўзаро яқинлашишга нима сабаб бўлди?

Орадан 13 йил ўтиб, Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари даражасида сиёсий мулоқотларнинг йўлга қўйилгани, кузатувчиларнинг фикрича, икки хил омил билан боғлиқ.

Биринчидан, Туркия ҳукумати, хусусан, Ражаб Эрдоғаннинг Туркияда ғоявий рақиби “Хизмет” жамоат ташкилоти ва унинг етакчиларига қарши олиб борган кураши шуни кўрсатдики, бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистон ҳукумати кўрган чоралар амалда тўғри бўлиб чиқди. Айниқса, Туркияда “Хизмет” шафелидаги ўқув муассасаларининг ёпилиши Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги “кўринмас тўсиқ”нинг амалда йўқолишига олиб келди.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг совуқлашиши икки давлатни, айниқса, Туркияни катта маблағлардан воз кечишига мажбур қилди. Гап шундаки, бугунги кунда Ўзбекистон денгиз портларига чиқиш учун муқобил вариантларни фаол изламоқда, айни пайтда транзит транспорт коридорларини ривожлантириб бормоқда. Хусусан, Латвия билан алоқаларнинг бирмунча жонланиб қолгани, Форс кўрфазига чиқиш чоралари кўрилаётгани ҳам Туркия учун катта иқтисодий имкониятларни бой беришдек гап. Шу сабабли Аҳмет Довутўғлининг “Туркиянинг портлари – Ўзбекистоннинг ҳам портларидир” деган сўзлари ҳар бир ўзбекистонлик учун чиройли эшитилса, аслида бу Туркиянинг ўз портларига диққат қаратишини сўрашидир.

Элёр Ғаниев ва Аҳмет Довутўғли/mfa.gov.tr
Элёр Ғаниев ва Аҳмет Довутўғли/mfa.gov.tr

Учинчидан, Ўзбекистон ўз фуқаролари хорижда дам олиш борасида Туркияни афзал кўраётган мамлакат ҳисобланади. Туркия элчихонасининг маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жиҳон Варлик сўзларига кўра, Туркиянинг Истамбул, Бодрум ва Анталия сингари шаҳарлари ўзбекистонлик сайёҳлар энг кўп ташриф буюраётган шаҳарлар бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам Туркияга Ўзбекистон билан том маънода иқтисодий ҳамкорлик кучайтириш катта фойда келтиради.

Тўртинчидан, бугунги кунда Хитой томонидан Ғарбий Европа бозорларига чиқиш учун турли транспорт лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Beijing Times газетасининг қайд этишича, Хитой ҳукумати айни вақтда яна учта темирйўл тармоқларини ривожлантирмоқда. Ушбу тармоқлардан бири Лондондан бошланиб, Париж, Берлин, Варшава, Киев орқали Москвага келиб, бу ердан иккига бўлинади ва бир «шохи» Қозоғистон орқали, яна бири эса шарқий Сибирь орқали Хитойга кириб боради. Иккинчи халқаро тармоқ Хитой ғарбидаги Урумчи шаҳридан бошланиб, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали Германияга етиб боради. Шунинг учун ҳам Аҳмет Довутўғли  транспорт соҳасида катта лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилаётганини қайд этиб, хусусан, Хитойнинг “Пекин – Истанбул” темирйўл лойиҳаси Ўзбекистонга ҳам фойдали ҳамда Ўзбекистоннинг Туркия портларига чиқиши имконини беришини қайд этганида ҳам мана шу иқтисодий манфаатлар мужассамдир.

Бешинчидан, албатта, бу жуда муҳим: бугун Туркия минтақавий ва халқаро масалаларда “плеймейкер” сифатида ҳаракат қилмоқда. Айниқса, Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнларда Туркиянинг фаол иштирок этаётгани ҳам унга халқаро миқёсда ҳаммаслаклар кўмагини талаб қилади. Чунки халқаро масалаларда ёлғизланиб қолишдан ёмони йўқ. Масалан, Туркия 2015 йил учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг аъзолигига номзод ҳисобланади. Бу масалада Ўзбекистон Туркияни қўллаб-қувватлаган. “Бунинг учун Президент Каримовга ҳам, вазир Комиловга ҳам миннатдорчилик билдирамиз”, – деганида Аҳмет Давутўғли халқаро миқёсдаги дастакларга ҳам урғу берди. Албатта, барча халқаро масалаларда ҳам Ўзбекистон ва Туркия позициялари бир-бирини қўллаб-қувватлайди, дейишдан йироқмиз. Мисол учун, Сурия масаласида Туркиянинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам позицияси мутлақо фарқ қилади.

Ҳамкорлик истиқболлари қандай давом этади?

Аҳмет Довутўғлининг Тошкент ташрифида, маълум бўлишича, томонлар истиқболдаги ҳамкорлик алоқаларини икки босқичда олиб боради. ЎзАнинг хабар беришича, Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг йирик беш ҳамкоридан биридир. 2013 йилда мамлакатлар ўртасида товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва бу 2012 йилга нисбатан 10,5 фоиз кўпдир. Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида 485 корхона фаолият юритмоқда. Туркия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарига кўра, томонлар ҳамкорликнинг биринчи босқичида ўзаро савдо айланмасини 3,5 миллиард долларга, кейинги босқичида эса 5 миллиард долларга етказишга келишиб олган.

Бир қатор кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон Туркия билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда асосий эътиборни иқтисодий ва сиёсий мулоқотларга қаратади. Гуманитар, маданий ҳамкорлик масалаларида ҳозирча бирор бир хулоса билдириш мушкул. Айниқса, Туркия етакчилигидаги ташкилотларда Ўзбекистон иштироки ҳақида бирор ижобий фикрни айтишдан йироқмиз. Умуман, “Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичади” деган нақл талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон Туркия билан жадалроқ муносабат олиб борса-да, бу борада босқичма-босқичма ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда эса, Аҳмет Довутўғлининг ташрифини икки давлат муносабатларининг “илиқлашани” сифатида баҳолаш мумкин.

Мурод ҒОФУРОВ.