Иброҳим ҒАФУРОВ: “Миллий адабиётнинг бугунги ва келажак манфаатлари эркин ижодкорлик руҳида изчил фаолият олиб боришни тақозо қилади”

Адабиёт — қалбни тарбиялайди, онгу шуурни чархлаб, руҳни озиқлантиради. Шу боис ҳамиша унга эҳтиёж бор. Гарчи инсон зоти моддий манфаатлар, замон янгиликлари измига осонгина тушиб борса-да, алал оқибат зерикади, асл ўзлигини соғинади, унга қайтишни истайди. Ана шундай пайтда адабиётнинг қадри билинади, унинг зарурати англанади. Зотан, яхши китоб кишининг кўнгил ойнасини поклайди, уни фикрлашга, тушунишга ундайди.

Таниқли адабиётшунос олим, забардаст таржимон ва адиб Иброҳим ўафуров билан мутолла завқи, машаққати ва зарурати ҳақида, ўзбек ва жаҳон адабиётининг бугуни ва эртаси, мутаржимлик маҳорати хусусида суҳбатлашдик.

— Мен умри давомида умуман китоб ўқимаган одамни тасаввур қила олмайман. Ҳар ким турли мақсадларда барибир қўлига бу неъматни олади. Ким учун мутолаа билан шуғулланиш кўнгил иши, яна ким учундир шунчаки эрмак, яна бировлар учун зарурат. Ҳатто айримлар китобни уйқу дориси билан тенглаштиришаркан. Яхши бадиий асар топа олмаганида, ҳеч бўлмаса, луғат ўқиб фикрини чархлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Яна айримлар обрў учун, дўст-ёрларидан қолишмаслик учун ўқийди. Сиз-чи? Сиз нима учун китоб мутолаа қиласиз?

— Вақт зиқ. Вақт йўқ. Имкон топилмайди. Имкон йўқ. Китоб ўқиш эса фақат… Ростданам китоб ўқиш учун жуда кўп вақт керак. Аммо вақт “дефицит” бўлган ҳозирги замонда уни қаердан оласиз? У ҳар бир кишига охирги дақиқасигача ўлчаб берилган: сония сониясигача. Яқинда мусофирлар ва муҳожирлар ҳаётидан ёзилган ҳаммаси бошдан оёқ ҳаётий фактлар, ҳаётий, яъни аслида бўлиб ўтган, минглаб одамлар ўз бошидан кечирган бир китоб ўқидим. Менга бутунлай нотаниш, алам-уқубатлар, хорлик, хўрлик, зўрлик, ожизликларга тўла воқеалар, муаллиф қон йиғлаб ёзган. Вақтни айтаман-да, мен уни ҳар куни икки-уч соатдан вақт ажратиб бир ҳафта саккиз кун деганда ўқиб битирдим. Кейин китобдан олган турли таассуротларимни ичимга сиғдиролмай биродарим шоир Турсунбой Адашбоевга қўнғироқ қилдим. “Э, омон бўлинг, – деди Турсунбой маъсум болаларча қувониб (маъсум болаларча қувонадиган ёши етмишдан ошганлар ҳар қадамда ҳам учрайвермайди) – Мен сиз айтган китобни бировдан бир кечага тиланиб олиб, бир кечада ўқиб чиқдим. Ноёб китоб!” Мана, мен саккиз кунда ўқиган китобни Турсунбой Адашбой бир кечада ўқиб туширибди. Китобни мана шундай “илло-биллога келтирмай” тез ўқийдиган кишиларга жуда ҳавасим келади илгарилардан. Тез ўқийдиганлар ёзувчи, журналистлар орасида анча-мунча топилади. Аҳмад Аъзам, Мурод, Эркин, Маҳмуд, Олим Отахон, Аҳмаджон Мелибоев ва яна анча казо-казолар китобни сувдай шимириб бир пасда ўқиб қўядилар. Уларнинг ҳар бирининг ўзининг тез ўқиш ва шундай тез уқиш усуллари бўлса керак. Чунончи, бир “китоб жинниси” деб ном чиқарган дўстимнинг “усули” шундай: (дўстим цехнинг сирини очаётганимни кечирсин) – у қўлига тушган ҳар қандай китобни ҳеч пайсалга солмай дарҳол аннотациясини ўқийди. Сўзбошининг боши ва охирини кўздан кечиради, дарҳол мундарижага ўтади, батафсил танишади, яна бошига қайтади, текстдан бир-икки хатбошини кўради, китобнинг ўртасини очади, бунда ҳам бир-икки хатбоши билан танишади, ниҳоят асарнинг охирги сўзларини назардан кечиради: бу ораларда тинмай “ҳимм-ҳимм” деб қўяди. Мана шу тариқа у узоғи билан бир соат ичида ўнлаб ўзи учун янги бўлган китоблар билан танишиб чиқади. Сўнг давраларда доим шу китоблар ҳақида ўз фикрини билдиради. Аммо қойил қоламан: тутилмаган, “теша тегмаган” фикрлар айтади. Бошқа бир дўстим китобларни турли луғатлар қуршовида ўтириб ўқийди. “Китоб ўқиладиган муҳит ва шароит бўлиши керак” дейди ва шундай ажойиб луғатлар билан қуршалган муҳитида жуда синчиклаб китоб ўқийди, ўзига нотаниш сўзлар, ибораларни ёзиб боради, луғатларидан уларнинг маъноларини аниқлаштиради ва буларни ҳам дафтарига ҳафсала билан қайд этади, тагига ўз шахсий мулоҳазасини ҳам қайд этади. Бошқа бир дўстим эса китобни яхши кўради, аммо китобни вақт ўтказиш учун ўқийди, унинг китоб ўқиши эрмакка ўхшайди, ўқиган китоблари устида жуда кам гурунглашади, чамаси китоб ҳақида бошқалар билан гурунглашишни жуда зерикарли иш деб билади ёки буни фойдасиз деб қарайди. Яна бир дўстим мук тушиб тарих ҳақидаги китобларни ўқийди. Уларни ҳафсала билан қайта баён қилиб чиқади, усуллари ва йўллари нақадар ранг-баранг! Дунёда қанча китоб ўқийдиган одам бўлса, китоб ўқиш усули ҳам шунча. Бу китоб ўқиш усулларини ёзаверсак, гап узайиб кетади. Аммо баён этилган мисол учун келтирилган усулларга эътибор беринг-а: бу ўқишларнинг қарийб ҳаммаси ўқишдан кўра ижодга ўхшайди, ижод қилиб ўқишга ёки ижод даражасидаги ўқишга ўхшайди ёки айни ижоднинг ўзи ёки ижоднинг ўқиш тури. Бу ўқишнинг энг самарали, кўп фойдалар келтирадиган усули. Бундай ўқишда одам тинимсиз бойиб, фикран ва маънан ўсиб боради.

Умуман, тақрибан олганда, одамлар китоб ўқишга эҳтиёжи бор одамлар ва китоб ўқишга эҳтиёжи йўқ одамларга бўлинади. Буларнинг психологик асосларини қидириб топиш ва узоқ баён этиш мумкин. Аммо гап чўзилиб кетади-да, вақти зиқ ўқувчимизни зериктириб қўямиз. Илло ҳар биримиз бошқа ҳар биримизнинг вақтини қадрлашимиз керак. Охир оқибатда бу ўз жонажон вақтимизни қадрига етиш билан баробар, одамлар аро энг олижаноб маданий-ахлоқий муносабатларнинг бири ва балки асосийси. Ўқишга эҳтиёжи бор одам бу – Наполеон. Эҳтиёжи бўлганки, вақти ниҳоятда зиқ бўлишига қарамай немис ёзувчиси Ҳётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романини жуда катта қизиқиш ва қунт билан ўқиб чиққан ва Германияга келганида адибни ҳузурига чорлаб унга асар ҳақидаги таассуротлари ҳамда фикр-мулоҳазаларини жўшқинлик билан билдирган. Бўлмаса Наполеон қайда-ю “Вертер” қайда? Эҳтиёж бўлганки, император ва ёзувчи китоб устида бир стол атрофига ўтиришган. Машҳур подшоҳ Ҳусайн Бойқаро Ҳазрат Алишер Навоийнинг яқин болалик дўсти ва эмикдоши. Навоийнинг ҳар бир янги асарини муштоқлик билан кутиб худди ўзи учун байрамдай ўқиб мутолаа қилади. Подшоҳ бўлишига қарамай ўқиш унинг юксак маънавий ва руҳоний эҳтиёжига айланган. У шу эҳтиёжсиз яшолмайди. Ўқишдан у қуйидаги мақсадларни кўзлайди: биринчидан, бундан беҳад завқ­ланади; иккинчидан, илҳомланади, Навоийнинг ҳар бир сўзи илҳомбахш; учинчидан, ақлий қобилиятлари ва ҳиссиётлари бойийди; тўртинчидан, Навоий билан сўз ва нафис ижод устида узоқ узурли суҳбатлашиш имконияти туғилади: бу суҳбатларда у Навоийга янги асар ҳақидаги ўз фикрларини айтади, ҳатто Навоий саҳифаларини таҳрир қилади, тузатишлар киритади. Янги ёзилган варақларни китобат қилишга ундайди, шоҳона машваратлар ва кенгашларда Навоийнинг янги асарини тўлиб-тошиб мақтайди, Навоийдан мисоллар келтиради, Навоийга янги асарлар учун ғоялар беради. Ана ўқишдан эришилган мақсадларнинг бир қисми. Ўз олдига олижаноб мақсад қўйиб китоб ўқийдилар. Илмли-билимли, илғор фикрли, кўзи замонага ва тарихга, умуман инсон ҳаётига очиқ бўлишга интиладилар ва буни орзу қиладилар. Китоб ўқиш эҳтиёжини шу нарсалар уйғотади. Нафсимизни озиқлантирмасак, ҳаёт йўқ. Маънавиятимизни ҳам ҳар куни озиқлантирмасак, маънавият йўқ, қотиб қоламиз, маънавиятимизга дам сайин сув югуриб турмаса, фақат нафс эҳтиёжи билан яшаганда, одам ўзини одамийдай ҳис қилиши ва тутиши ва жамиятнинг тўлақонли фаол аъзоси бўлиши жуда қийин, ҳатто бу мумкин бўлмаган ҳол. Мен китобни билим олиш ва ўрганиш учун ўқийман. Бошқа одамларнинг тажрибалари, яшаш ва ҳаёт юритиш йўсинларига болалигимдан жуда қизиқаман. Менга инсон тажрибалари энг қимматли нарса бўлиб туюлади. Ҳар бир одамнинг ҳаёт тажрибаси бир дорилфунун қимматига эга деб қарайман. Булардан ташқари китоблар инсон гўзалликларининг хазинаси. Гўзаллик туйғуси, фаросати китоблар ўқиш орқали камол топади. Яқинда таниқли файласуф олим Тилаб Маҳмудов билан унинг умр йўлдоши ҳурматли, эътиборли журналист қаламкаш Дилбар Маҳмудованинг “Умр лаҳзаси” деган мактублар мажмуасини кўрдим. Нақадар ҳаётнинг қимматли лаҳзаларига бой, кишига бир олам завқ берадиган китоб! Замон ва замондошлар, инсоннинг камолотга етиш пиллапоялари нақадар жонли ва мароқли суратланади бу қимматли китоб­да! Рости, мен шундай китобларни ҳавас қиламан: улар саҳифама-саҳифа дам аччиқ, дам қувончли инсонни инсонлигини кўрсатадиган бебаҳо тажрибалар! Кейинги уч-тўрт йил ичида катта ҳаёт йўлини босиб ўтган, жамиятга фаол таъсир кўрсатган ходимлар, журналистлар, турли соҳа эгалари, олимларнинг ҳаёт тажрибалари муаллифларнинг ўзлари томонидан ёритилган китоблар ўқидим. Уларнинг тиражлари ниҳоятда оз. Лекин инсон тажрибалари – инсоннинг туғилиши, не-не машаққатлар, курашларда вояга етиши, вақт жараёнларининг гувоҳликлари ниҳоятда қимматли. Наслларга бу каби китоблар ўта фойдали. Эҳтимол улар қандай ҳалол ва қийинчиликларда синмай, ўз қимматли эътиқодларини сотмай, товланмай, турланмай, тусланмай кун кечиришга балки ўргатади, балки хайрли таъсир кўрсатгай. Ёшим шуни тақозо қиляптими, бундай ҳаёт тажрибалари бўялмай-бежалмай, уйдирмаларга тўлдирилмай акс этган китобларни биз кўпинча роман деб атаётган китоблардан қимматлироқ, инсон ва келажак авлодлар учун зарурроқ деб биламан. Дунёда бундай тажриба китоблардан илгаридан қадрланиб келган, бизда ҳам улар яратилиб ўз фойдаи хизматини ўтаяпти. Навоийнинг улуғвор “ҳолотлари”, Хўжа Аҳрор валийнинг гувоҳликлари, Бобурнинг мислсиз вақоелари, Беҳбудий, Қодирийнинг ҳаёт мактаби асарларидан сўнг бундай китобларнинг бирин-сирин пайдо бўлаётгани том маънода ижтимоий онгнинг кашфиётлари қаторига киради.

— Чиндан ҳам, ота-боболаримиз азалдан китобга ўзгача эҳтиром билан қарашган, фарзандларини ҳам бу илм булоғига чексиз ҳурмат руҳида тарбиялашган. Улар китобнинг мўъжиза эканига, уни ўқиган одам, бошқалардан, албатта, фарқланишига ишонишган. Шунданми, илм аҳлига ҳавас ва эҳтиром билан муносабатда бўлишган. Аммо, бугун-чи? Ахборий технологияларнинг «пири»га айланиб бораётган бугунги авлод наздида китоб шунчаки моддий буюм каби илоҳий моҳиятини йўқотиб бораётгандек…

— Балки юзаки қараганда, китоб ўз моҳиятини йўқотаётгандек бўлиб кўриниши ҳам мумкин. Лекин яхши китоб мисол хазина. Аммо хазина қачон ўз моҳиятини йўқотган? Яхши китоб деганда биз одамларга фойдаси тегадиган, уларнинг онги, маданиятини кўтарадиган, қарашларини илғор мав­қеларга кўтарадиган, яъни кишига беминнат маънавий ҳамроҳ ва мададкор бўлоладиган китобларни тушунамиз. Бундай китоблар эса ҳеч қачон моҳиятини ҳам, аҳамиятини ҳам йўқотмайди. Аристотелнинг “Поэтика”сини инсоният минг йиллардан буён олдига қўйиб ўқийди ва ҳамон ундан зерикмайди. Ҳамон унинг санъат табиатга тақлиддан туғилади деган фикри тирик ва бутун ғарб фалсафаси, эстетикаси оқимлари ҳамон шу ғоянинг маъно ва мазмун тармоқлари устида бош қотириб, минглаб жилд асарлар яратиб келади. Бир тақлид деган нарса устида-я! Ёки бундан беш минг йил илгари бир китоб­да “Ўзингни англа!” деган фикр айтилган экан. Орадан кўз илғамас замонлар ўтиб ҳам ҳалигача инсоният бу ғоядан нарига ўтгани йўқ, ундан яхшироғини ўйлаб тополгани йўқ. қандай қилиб китоб моҳиятини йўқотсин? Ҳеч қачон бундай бўлмайди. Инсоният бор экан, китоб доимий сўраладиган нарса бўлиб қолаверади. Инсониятнинг азал онгида “Лавҳул маҳфуз” деган самовий китоб тасаввури бор. Инсониятнинг асотирий тасаввурига кўра у фусункор коинот қаърларида, балки Сомон йўли қўйнида бепоён кенгликда туради. Инсоният тасаввурида уни Худонинг ўзи ёзган ва барча замонларда ўтадиган барча одамларнинг тақдирлари, коинотнинг қисмати битилган. Бу ёғига чуқурлашмай қўя қолайлик. Сўз уза­йиб кетади. Айтмоқчи бўлаётган фикрим шуки, китоб деган нарса инсониятнинг азал онгида туғилган. Бу сабабсиз бўлмаса керак. Демак инсоният онгида китоб ғояси азалдан бор, у одамзоднинг ўзи билан бирга туғилган, одамзодни бошқарадиган бошмиясининг шакли-шамойили, иши-хуши ҳам айни китобнинг ўзи. Китобнинг моҳияти ҳақидаги сўзни шу ерда тўхтатайлик. Китоб инсониятни қутқарган, бундан кейин ҳам қутқаради.

—  «Ўқиш бошқа, уқиш бошқа» ёки «Олим бўлгандан кўра одам бўл» қабилидаги мақоллар одатда кўп китоб ўқигани билан мақтаниб юрадиган, аммо маънавияти саёзроқ кишиларга қарата айтилади. Яхши асарлар ўқувчи маънавий оламини бойитибгина қолмай, уни онгу шуурига, кўнглига таъсир ўказиш орқали тарбиялайди ҳам. Аммо ҳамма китоблар ҳақида ҳам бундай деб бўлмайди. Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, дейди ҳазрат Навоий. Буни мутолаа борасида ҳам қўллаш мумкин. Яхши асарларни танлаб ўқиш борасидаги фикрингиз қандай? Бир китобхон сифатида ўқишли китобларни қандай ажратасиз?

—  Юқорироқда китобни бир мақсад билан ўқиш ҳақида бироз гаплашдик. Пала-партиш дуч келган қўлига тушган китобни бекорчиликдан ўқиб кетаверадиган одамлар ҳам учраб туради. Мисолни ўзимдан олсам, китобни болалик чоғларимда бола ва ўқувчи сифатида ўқирдим. Менга жуда қизиқ туюларди, таассуротлар қидирардим, китобларда тасвирланган ҳаёт кўз ўнгимда кечаётган бир тусдаги ҳаётдан чексиз бой бўлиб, қизиқ бўлиб туюларди. Китоблар ҳаётдан кўра бойроқ ва жозибалироқ деб ўйлардим. Ўзи аксинча ҳаёт ҳамма нарсадан кўра бойроқ ва чексизроқ ва бирламчи қимматга эга. Аммо ҳар бир янги чин китоб ҳаётни ва у ҳақдаги тасаввурларни бениҳоя бойитади, китоб ҳаётнинг энг яширин қаърларигача қарай олади. Энг яширин ақл бовар қилмайдиган ҳодисаларни ҳам тасвирлаб бера олади. Шунинг учун “Анна Каренина” ёки “Телба”ни ўқисангиз, китоб ҳаётдан анча бойроқ бўлиб кўринади. ҳозир китобларни адабиётшунос, таржимон, қаламкаш сифатида ўқийман. Замонларнинг қизиқишлари ўзгариб туради. 56-йиллар университетнинг биринчи курсида ўқиётган пайтлар рус адабиётининг Гаршин, Успенский, Гончаров, Грин, Бабел, Платонов, Бунин, Короленко, Горький сингари ёзувчилари китобларига жуда қизиқиб қолдим. Уларни ўқисангиз юрагингиз ғам-алам ҳасратга тўлиб кетади. Алам ўзига тортади ва юракка одамийлик олиб киради. Булардан кейин Ҳеменгуэй, Фолкнер, Стейнбек, Фитсжералд, Флобер, Стендаль, Анатол Франс асарлари ўзига тортиб кетди. Кейинроқ бир неча ўн йил Жанубий Америка адибларининг фусункор асарлари қаттиқ машғул қилди. Улардан кейин то ҳозиргача авангард адабиётининг жуда оҳанрабо намуналаридан инсониятнинг онг қарашлари, образли, бадиий қарашларининг ажиб тарзда ўзгариб боришларини муттасил кузатаман. Инсоният онги ва онг ости ўзгаришларини китоблар жуда яхши ва нозик томонларигача илғаб олиб акс эттиради. Айниқса Фрейд, Юнг, Кант, Ницше, Жойс, Пруст, Камю, Маркес, Борхес, Сартр асарлари…

—  Сизни Жойс, Маркес, Айтматов, Достоевский, Мопассан, Тургенев, Ҳеменгуэй каби адибларнинг энг сара асарларини ўзбек китобхонларига туҳфа этган таржимон сифатида таниймиз. Бу хизматингиз билан ўзбек адабиётига улкан хазина қўшдингиз. Боз устига ёш таржимонларимиз учун катта мактаб яратдингиз. Аммо ортга назар ташлаганингизда, шу йўлда сарфлаган куч-ғайратингизни ижодга сарфламаганингиздан афсусланмайсизми?

—  Ҳар бир кишига табиат беҳад меҳрибонлик билан бир ё бир неча иқтидор ато этади. Қадимги Югнакий ёзган гўзал тилимизда “уқуш”, “уқар” деган сўзлар бўлади. Улар заковат, фаросат, иқтидорни англатади ҳозирги тилимизда. “уқув” ҳам деймиз. Рус тилида буни “призвание”, инглизчада “Pоwеr” дейишади. Мен таржимага бировга эргашиб эмас, китоб ўқиш орқали борганман. Жуда ҳавасим келиб “Чол ва денгиз” ўзбекчада қандай чиқаркин, қандай жарангларкин, тилимизнинг қудрати бу ранг-баранг нарса-ҳодисалар ва тенгсиз инсоний кечимлар оламини тасвирлашга қодирмикин? – деган саволлар уйғонарди асарларни рус тилида ўқиган ва улардан чексиз завқлар олган романтик ёшлик чоғларида. Шу ҳавас ва қизиқиш орқали менда ўша иқтидор – призвание, пава уйғонган бўлса ажаб эмас. Қўлим ва онгимни ўргатиш ва мослаш учун ўзим учун тинмай таржималар қилдим, мақолалар, бадиалар, мансуралар машқ қилдим. Дарвоқе, мансуралар ифодалаган фикрлар таранглиги, янги замон бадиий образлари, янги замон рамзларини акс эттирганига кўра назаримда баъзан роман билан тенг кўринади. Лекин анъанавий онг бадиий қолипларига ўрганиб қолгани боис бунга кечроқ етиб боради. Мансур шеър бобомнинг замонларида ҳам мавжуд эди. Аммо жанр сифатида “мансура” йўқ эди. Мансурани таърифга сиғдириш қийин, у чақмоқдай чақнаган ва чақмоқдай тармоқлаган фикр шиддатларини талаб қилади. Иқтидорим, “уқишим” мени мақолалар, бадиалар, мансуралар ёзишга, жаҳон адабиётларининг энг авангард намуналарини ўзбекчалаштиришга чорлаган бўлса, ҳеч қачон афсусланмайман. Сувлар оқиб кетди, майсалар кўкарди. Ўзбек адабиётининг бадиий услублар хазиналари Ницше, Жойс, Маркес, Айтматов, Достоевский бадиий тафаккурининг ўлмас услублари, тафаккур тарзлари билан бойиди, буни биров билди, биров билишни истамади, аммо адабий-бадиий тафаккур воқелигига айланди.

— Бугун «Ўзбек адабиёти қачон жаҳон билан бўйлашади?» деган мазмундаги саволлар бот-бот такрорланяпти. Таниқли ижодкорлар малакали таржимонлар шакллангунга қадар адабий намуналарни чет эл ўқувчиларига ҳавола этишга шошилмаслик зарур деган фикрда. Ҳа, бугун кўплаб шоир-ёзувчиларимиз ўз ижод маҳсулларини таржимонларга ишонолмайди. Сабаби чет тилида иккита сўзни бир-бирига улай олувчилар ҳам шу эшикка бир мўралаб ўтишаяпти. Сиз таржимачилигимизнинг келажагини қандай баҳолайсиз?

—  Бадиий таржима бадиий жараёнларнинг жонли иштирокчиси. Китобдан, санъатдан баҳрадорлик ва баҳрадорликка интилиш бўларкан, таржима миллий адабиётимизни жаҳон адабиёти намуналари билан тўлдириб бойитиб бораверади. Ҳозирда таржимага қизиқиш бирмунча жонланаётир. Ёшлар ичидан бадиий таржиманинг фидокорлари етишиб чиқишларига ишончим комил. Аммо янги иқтидорлар эндигина куртаклаяпти. Иқтидор эгалар ўз устиларига қанчалар масъулият олар эканлар? Буни ижодий индивидлар ҳал этади.

— Сиз ўз фикри ва дунёқарашига эга адабиётшуноссиз. Шу боис кўнглимиздаги бир ҳадикли саволга нисбатан фикрингизни билмоқчимиз. Назаримизда, адабиётшуносликда бадиий асарлар таҳлили ва талқини бир қолипга тушиб қолгандай. Олимларимиз фикр айтишдан қочиш учунми, бадиий асар сюжетини қайта сўзлаш, уни муаллиф кўнгли учун мақтаб, мақола сўнгида ўқувчиларнинг ҳам кўнглини қолдирмаслик учун «баъзи жузъий камчиликлари ҳам йўқ эмас» қабилидаги анъанавий шаклдан фойдаланиб қўяқолишади. Айрим ёш ёзувчи-шоирлар, ҳатто иқтидорсиз ўртаёшлилар ҳам, адабиётшунослардан бирининг «этагига маҳкам ёпишиб», янги китобларига сўзбоши, тақриз ёздиришаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Наҳотки, неча йиллар илм заҳматини чеккан, олимлик рутбасига эришган зотларнинг сўзи шунчалик арзон ёки хўжакўрсинга бўлса…

— Бу ҳолларнинг сабаблари кўп. Қайси бирини айтасиз. Бизда ўтиш даврининг хусусиятлари яхши шакллантирилган. Катта-ю кичик унга риоя қилади. Ўтмиш адабиёти ва бизнинг энг яқин замондошларимиз Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Шавкат Раҳмон адабиётнинг маълум сўнгги босқичини якунлаб тарихга кирдилар. Янги замон, янги адабиётнинг ўз номлари, ўз ўлчовлари бор. Янги адабиётшунослик эски адабиётшуносликнинг ичидан шаклланиб келяпти. Кўпинча эски тушунчалар ва қолиплар билан янги шакланаётган адабиётнинг куртакларини баҳолашга уриниб келяпмиз. Бошқа илож йўқ, Диалектикага кўра янгилик осмондан тушмайди, балки эскининг синган жойидан кўкланади ва сувланади. Одам фактор. Шароит фактор. Жамият фактор. Буларнинг бари ўзаро жуда қаттиқ чамбарчас боғланган. Майли этаклар. Майли профессионал бўлмаган одамларнинг сўзбошилари, боши кетига уланмаган мақолалар. Буларнинг бари жараёнда бор ва ўтиш даврининг индивиди ҳали шу ўтиш давридан юқори кўтарилолмагани ва шундан нарини кўролмаётганини билдиради. Аммо миллий адабиётнинг марказий йўлларини белгилайдиган ва анъаналар асосида янги замоннинг янги образлари, янги рамзларини яратадиган кучлар ҳам ўз майлу ҳавасларини бирин-сирин намоён этаётгани равшан. Адабий-ижтимоий нашрларда кетма-кет чиқаётган қизиқарли асарлар бунга мисол бўлолади. Давр ҳали ўз адабиётшунослари, танқидчилари, тадқиқотчиларини танлаб олгани, саралагани, уларни етиштиргани йўқ. Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Университетлар, академиялар, ижодий уюшмалар, агентликларнинг кадр етиштириш устидаги узоқни кўзлаган режалари ҳамда саъй-ҳаракатларига ҳам кўп нарса боғлиқ. Миллий адабиётнинг бугунги ва келажак манфаатлари эркин ижодкорлик руҳида изчил фаолият олиб боришни тақозо қилади.

Аслида ижодкор ҳаётнинг машаққатли мактабини ўтагандагина ижод майдонида катта натижаларга эришади. Ижоднинг маъноси ҳамда вазифаси — жамиятга таъсир кўрсатиш, одамларнинг руҳий эҳтиёжлари ва ахлоқий-тарбиявий ташналикларини қондириш. Ҳаёт мактабини ўтамаган одам ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, бу вазифани бажаролмайди. Ижод океани унга бошдан оёқ шўнғишни талаб қилади. Океан четида қумлоқда оёғини ҳўллаб ўтирган океан нималигини билмайди. Узоқ борганда океаннинг ваҳимасинигина қоғозга тушириши мумкин. Ўшанда ҳам агар тақлид принципларини яхши ўзлаштирган бўлса…

— Шу ўринда кўнгилда сиздан анчадан бери сўрамоқчи бўлган бир савол қалқиди. Биламизки, сиз мансура жанрида жуда гўзал асарлар яратдингиз. Бугун шу жанр ҳақида гап кетса сизнинг номингиз тушга кўчади. Айтингчи, мансура сизни нимаси билан мафтун қилди? Унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам фикр берсангиз.

— Мансура ҳақидаги саволингизга мен миннатдор бўлиб жон-жон деб жавоб беришни истайман. Мансура қийинчилик билан адабий-бадиий жараён ичига кирди, унинг узвий тармоғига айланди. Аммо ҳали антологияларнинг биронтасидан ўрин олгани йўқ. Роман ё қофияли сўз бўлса менсиб, мансура бўлса анча-мунча менсимай қарайдилар. “Узумзорда кесак каби ётдим” деб бир мансурада қийин ўсмирлигимни баён қилганман. Мана шу жумла том маънода мансура жумласи. Нега узумзор? Нега кесак каби? Нега ётиш? Булар кичкина бир шахснинг ўсиш пайти драмаси ва ўсиш пайтининг рамзлари. Шу тўрт сўздан иборат жумлада драма ва кескинлик зуҳур этади ва жаранглайди. Мансуранинг бошқа барча фикр тизимлари шу образни тўлдиради ва унинг ёнида жангчилардай туради. Мансуранинг ягона низоми – унинг фикр таранглиги ва кутилмаган образли ассоциациялари. Уларда ўзимча янгича образли фикрлаш тарзи акс этади деб юраман. Шалвираган уйдирма ҳавойи сўзлар ҳеч қачон мансура бўлолмайди. Мансурага минғирлаш эмас, ёй ўқининг чанғираши керак. Буни ўқисангиз ва буни тушунсангиз эди…

Сўнгги савол: Таниқли адабиётшунос олим, забардаст таржимон, маҳоратли адиб сифатида ўзбек адабиётининг бугуни ва келажаги ҳақида ўйлаганда нималардан қувонасизу, нималардан ташвишланасиз? Умуман, ёш ижодкорларнинг ёзганлари сизни қониқтирадими? Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб, уларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Ҳозирги замон ёшларини фикрловчи одамлар тоифасига киритаман. Фикрловчи одам ким? Бу тоифа билишга қизиқади. Аммо билиш, фикрлаш китобсиз, газетасиз, журналсиз, Интернет тармоқларисиз бўлмайди. Ёшларни билишга қизиқмайди деб бўлмайди. Улар билишга жуда қизиқадилар. Улар билишга ва фикрлашга қизиқишнинг Интернет таклиф этаётган йўллари ва усулларини танладилар. Энди бу жараён тўхтовсиз кучайиб боради. Вақт чексиз эмас, У ўлчаб берилган. ҳар биримизга аталган вақт бир сония кам ҳам, ортиқ ҳам эмас. Умр дарёсининг бир бекатидан иккинчи бекатига борамиз ва тушиб қоламиз. Интернет вақтдан фойдаланишнинг интенсив ва оптимал йўлларини таклиф этяпти. Ўйинлар дейсиз-да, а? Лекин ўйинлар остида концепциялар жойланган. Шу концепциялар ёшларнинг мия қаватларини зич тўлдиряпти. Ишончим комил, ҳозирги ёшларнинг мия қаватлари бизнинг ва биздан аввалгиларнинг мия қаватларидан ўз ҳажми, қабул қилиш кучи, интенсивлиги билан фарқ қилади. Айнан мана шу ёшларнинг китоб ўқишга мутлақо вақтлари йўқ. Бизнинг вақтимиз бемалол эди. Китоб қидириб ўқирдик. Кўп китоб ўқиганлар академик, доктор, номзод, директор ва ҳоказо бўлишарди. Ҳозирги ёшларнинг уфқлари қайда? Интернет ақлни, хотирани бойитади, миянинг операция қувватини чексиз кучайтиради. Лекин ҳиссиёт ва туйғуларни сиқиб чиқаради. Маълумот ахборотларга истаганча жой бор, лекин ҳиссиётларга жой йўқ. Интернет ҳиссиёт билан ошна эмас, ҳозир ақл кучайяпти. Шеърлар, достонлар, романлар ўқилмаётганининг сабабларидан бири ҳам шу ақлнинг тобора кучайиб бораётганида. Ҳиссий рамз нима? Да Винчи “Жоконда”ни чизди. Жоконда Да Винчининг худди ўзи. Жоконданинг табассуми – ним табассум – уни илоҳий табассум дейиш мумкин. Да Винчи мана шу табассумни инсониятга ҳиссий рамз сифатида қолдирди. Унгача бундай табассум инсоният санъатида кўрилмаган эди. Тўғри, Будда ва Моний табассумларида шундай илоҳийлик зуҳур этганди. Буларда коинот тасаввури муҳрланган. Аммо Жоконда табассумида инсоннинг дунёга келишининг бутунлай маъносизлиги аксланадими? Бунинг сирига етиш қийин. Мен ҳозирги ранги тиниқ, умид уфқлари кенг ёшларга мансура тили билан айтгим келади:

Учқун ватанинг сенинг,

Ватанинг сенинг учқун.

Ситора ТОЖИДДИНОВА суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди.