Қозоғистон матбуоти: Ўзбекистон автомобиллари маҳаллий автосаноат ривожига халақит бермоқда

Қозоғистон автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон автомобиллари маҳаллий авосаноатни ривожлантиришга халақит бераётганини қайд этишмоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар тарқатди. Чунончи, “Азия Авто” акциядорлик жамияти автомобиль заводи президенти Ерик Сагимбаевнинг қайд этишича, Қозоғистон автомобиллари ўз маҳсулотларини муваффақиятли экспорт қилиши учун ташқи савдо шериклар, айниқса, Ўзбекистон билан “тенгашиб” олиш талаб қилинади. Унинг сўзларига кўра, 90-йилларда Қозоғистон Ўзбекистон автосаноати учун асосий бозор бўлган. Uz-Daewoo маҳсулотлари божсиз олиб келинган. Шу боис ҳам импорт қилинаётган автомобиллар учлигида, албатта, Ўзбекистон автомобиллари бўлган.

Сайтнинг қайд этишича, жорий йилда Қозоғистон техрегламентига тегишли ўзгартириш киритилиб, Ўзбекистон автомобилларининг маҳаллий бозорга киришига қатор чекловлар жорий қилинди. “Орадан кўп ўтмай ушбу чекловлар бекор қилинди. Бу нимага олиб келди? Бир ой ичида 20 мингта автомобиль олиб кирилган. Ваҳоланки, таққослаш учун айтиш керакки, ўтган йили 13,3 мингта автомобиль импорт қилинган. Келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан айтайлик: биз шу йил билан Ўзбекистон автосаноатини қўллаб-қувватлаяпмиз,  эвазига ҳеч нарса олмаяпмиз. Адолат учун Ўзбекистонда биз учун божсиз савдо қилиш имконияти яратилиши керак”, — деди Сагимов.

Qncepto консалтинг компанияси директори Олег Алферовнинг қайд этишича, Ўзбекистон автосаноатидан ташқари Украинанинг ZAZ Chance компанияси ҳам маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Унинг сўзларига кўра, Божхона иттифоқи фаолияти бошлангандан бери Қозоғистонга ушбу икки мамакатдан 33 минг автомобиль олиб келинган. “Бу қозоғистонлик автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўтган йили маҳаллий бозорда сотган машиналар сони билан тенгдир. Шундай пайтлар Қозоғистон ҳукуматида лоббизм йўқмикин, деган саволга борасан”, деди Олег Алферов.

Экспертнинг фикрича, Хитой автомобиллари ҳам сўнгги пайтларда Қозоғистон бозорида кенгайиб бормоқда. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга жиддий таъсир ўтказади.

Қозоғистонда 5 та автомобиль ишлаб чиқарувчи бўлиб, уларнинг ҳеч бири том маънода экспортни амалга оширишга қодир йўқ.