Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида 2014 йилги жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилган ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА рефериси ассистенти Абдуҳамидилло Расуловларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Тақдирлаш маросимида Равшан Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ «Эл-юрт ҳурмати» ордени берилди.

Шунингдек, маросим давомида Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расуловга Президент совғалари – мос равишда Malibu ва Orlando автомобиллари совға қилинди. Шунингдек Равшан Эрматовга Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан «Ўзбекистон Футбол Федерацияси» фахрий эсдалик нишони топширилган.

Эслатиб ўтамиз, ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўз бригадаси билан Бразилияда бўлиб ўтган ЖЧ-2014да тўртта ўйинда ҳакамлик қилди. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда Эрматов бешта ўйинда ҳакамли қилганди. Натижада у ҳакамлик қилган ўйинлар сони тўққизтага етиб, ушбу кўрсаткич бўйича у жаҳон футболи рекордини ўрнатди.

ЖЧ-2010да Эрматовга қанотларда ўзбекистонлик Рафаэль Илёсов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров, ЖЧ-2014да эса ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам берган.