Пак Кин Хэ: “Ўзбекистонда корейс диаспорасига қаратилаётган эътибор мени ҳайратга солди”

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ  Ислом Каримовга ташаккурнома юбориб, Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида Президент ва ўзбек халқи томонидан унга кўрсатилган иззат-икром учун самимий миннатдорлик изҳор этди.

“Олий даражада бўлиб ўтган учрашувда давлатларимиз нафақат энергетика соҳаси, балки “электрон ҳукумат”, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит, инфратузилма ва бошқа кўплаб соҳаларда турли ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувга эришди. Сиз билан келишиб олган муҳим лойиҳаларни бекаму кўст, тўла амалга ошириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишимизга ишонаман, — дейилади Корея раҳбари мактубида.

Унинг фикрича, у бўлиб ўтган учрашувлар натижасида мамлакатлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида биргаликда равнақ топишга интилаётган стратегик шериклар эканига амин бўлган. У Ислом Каримовнинг халқаро ва минтақавий масалалар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари, шунингдек, Ўзбекистондаги корейс диаспорасига қаратаётган эътибори уни ҳайратга солганини ва чуқур таассурот қолдирганини қайд этган.

Пак Кин Хэ Ислом Каримов Тошкент шаҳри аэропортида уни шахсан кутиб олгани, Самарқанд шаҳрига у билан бирга борганини қайд этиб, “Бу билан самимий меҳмондўстлигингизни намоён этдингиз. “Афросиёб” музейидаги деворий расмларда акс эттирилган Когурё даври элчиларининг тасвири Буюк Ипак йўлининг қадимий тажрибаси бизнинг кунларимизда ягона Евроосиёда яна мужассамлаша олишига ишончимни мустаҳкамлади”, — деди.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе 16-18 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди. Ташрифи давомида Пак Кин Хе 17 июнь куни Самарқандда меҳмон бўлганди.