Ўзбекистон ҳарбий салоҳияти бўйича 48-ўринни эгаллади

Ўзбекистон армияси, Global Firepower Index тадқиқотларига кўра, дунё қуролли кучлари орасида ўз қудрати билан 48-ўринни эгаллади. “Подробно” ахборот агентлиги хабар беришича, рейтингда 106 та мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти ўрганиб чиқилди.  Унга кўра, Ўзбекистон МДҲдаги қатор мамлакатлардан илдамлаб кетган. Масалан, ушбу рўйхатда Қозоғистон (80-ўрин), Озарбойжон (50), Беларусь (52), Грузия (64), Эстония (96) ўринларни эгаллаган.

Рейтингга кўра, Ўзбекистон 420 та танк, 164 та самолёт (69 та қирувчи/тутувчи, 65 та вертолёт ва бошқалар), 715 та қуруқликда ҳаракатланадиган ҳарбий техникага эга. Давлатнинг ҳарбий бюджети, Global Firepower Indexга кўра, 70 миллион долларни ташкил қилади.

Ушбу рейтингни АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Германия, Туркия, Жанубий Корея ва Япония бошқариб турибди.

Global Firepower Index дунё миқёсдаги энг нуфузли тадқиқот марказларидан бири бўлиб, у дунёдаги мамлакатлар қуролли кучлари ҳақида ахборотларни йиғади, уларни таҳлил қилиб, тегишли рейтингни ишлаб чиқади.

Ўзбекистонда ҳарбий харажатлар ва уларга тааллуқли маълумотлар одатда очиқланмайди.