Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси очиладими?

Ҳар гал Ўзбекистонга турли даражадаги АҚШ ҳарбий мулозимлари ташриф буюрганда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очиши ҳақида турли миш-мишлар авж олиб кетади. Бу, айниқса, рус оммавий ахборот воситаларида кенг бонг урилади. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Ллойд Остин IIIнинг Тошкент сафари ҳамда унинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, мудофаа вазири Қобил Бердиев билан музокаралари ҳам худди шундай хабарларга сабаб бўлди.

Хусусан, Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги АҚШ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат жанубида янги ҳарбий база очиш ҳақида музокара олиб бораётгани ҳақида ахборот тарқатди. “Бунинг учун Вашингтон йилига 1 миллиард доллар тўлашга тайёр”, деб ёзади агентлик.

Хабарда қайд этилишича, америкалик Термез шаҳридаги аэропортида АҚШ ҳарбий контингенти, ҳарбий техникалари, аввало, авиациясини жойлаштиришни мақсад қилган.

Аммо АҚШ элчихонаси бу хабарларни рад қилди. Элчихона вакилининг “Новый век” газетасига маълум қилишича, “Американинг Ўзбекистонда ҳарбий база очишга қаратилган ҳеч қандай режалари, хатти-ҳаракати ёки музокаралари олиб бораётгани йўқ ва бўлмайди ҳам”.

Ўтган йили ҳам худди шундай хабарларга тарқаганда АҚШ элчихонаси, шунингдек, АҚШ Давлат котибининг собиқ ёрдамчиси Роберт Блейк ҳам бу хабарларни рад қилган эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йили қабул қилинган Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди. Бундай стратегик аҳамиятга эга ҳужжатнинг айнан шу кеча-кундузда қабул қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Бу биринчи галда мамлакатнинг турли сиёсий ўйинларда иштирок этмаслик (ОДКБ) учун кафолат бўлса, иккинчидан, бугунги сиёсий қалтис бир шароитда мамлакат учун энг мақбул йўллардан ҳисобланади.

Ўтган йили АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жорж Крол “Илгари Ўзбекистонда ҳарбий базамиз бор эди, биз бу ерда яна базамиз бўлишини хоҳламаймиз”, деган эди журналистларнинг Ўзбекистон АҚШ кўмагида минтақада Россиянинг ҳарбий таъсирига қарши чиқяптими деган саволига жавобан.

“Экспертлар орасида Россия ва АҚШ ўртасида Марказий Осиёда таъсирга эга бўлиш учун “катта ўйин” кетаётганлиги ҳақида гап-сўзлар борлигини кўп эшитаман. Мен ҳозир нафақат АҚШнинг Ўзбекистондаги элчисиман, балки ўз вақтида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. Тушунадиган одамлар яхши билади: бу ерда АҚШ, Россия ва Хитойнинг манфаатлари бор. Аммо мен бу ерда кескин қарама-қаршиликларни кўрмайман. Бизнинг позициямиз ва сиёсатимиз Россияга қарши эмас. Биз Марказий Осиёда узоқ муддатли иқтисодий, социал ва сиёсий барқарорлик бўлишини хоҳлаймиз”, деган эди Крол.

Шуни қайд этиш керакки, аксарият экспертлар Ўзбекистоннинг Термез халқаро аэропортида Германия ҳарбий базаси бор, деган нотўғри ахборотни талқин қилишади. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати ва ГФР ўртасида тузилган битимга кўра, бу ерда ҳарбий база жойлашмаган, балки логистика хизматлари кўрсатилади.

 Мурод ҒОФУРОВ.