Ўзбекистон ҳукумати ва МТС муроса битимини имзолади

Россия ва МДҲдаги етакчи мобиль алоқа компанияларидан бири “Мобильные ТелеСистемы” МЧЖ Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битимини имзолади. Унга мувофиқ, компания Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобиль алоқа хизматларини кўриш бўйича фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Янги тузилажак қўшма корхонада давлат улуши ҳам бўлади. Бу ҳақда UzDaily.Uz хабар тарқатди.

Янги битимга кўра, корхонанинг 50,01 фоиз акциясига МТС, 49,99 фоиз акциясига эса Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги унитар корхона эгалик қилади. Қўшма корхона олдин “Ўздунробита” МЧЖ ХКга тегишли бўлган мулк, асбоб-ускуна ва инфратузилма базасида фаолиятини йўлга қўяди.

Томонлар муроса битими асосида барча жараённи яқин кунларда тугатишни ҳамда йил охирига қадар мобиль алоқа тармоғи хизматини муомалага киритишни режалаштирмоқда.

Битимга кўра, Ўзбекистон ҳукумати янги қўшма корхонага 2G/3G/LTE лицензияларини, тегишли частота диапазони, рақам миқдорини беради, алоқа каналлари ижарасини таъминлайди ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар билан таъминлайди.

Муроса битими асосида томонлар амалда бўлган ишни тугатиш учун Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция баҳсларини тартибга солиш халқаро марказига ариза билан мурожаат қилади.

Мазкур муроса битими инглиз қонунчилиги асосида тартибга солинади ва ундан келиб чиқадиган барча баҳслар Париждаги Халқаро савдо палатаси ҳузуридаги халқаро арбитражда кўриб чиқилади.