Мурод Муҳаммад Дўст: “Зарбулмасал” ва бошқа масалалар. Неъмат Аминов ҳақида ҳангомалар

Эртага (16.07)  машҳур адиб Неъмат Аминов таваллуд топган кун.  Бу ажойиб инсон худди бизни ташлаб кетмагандай, орамизда юргандай. Эслаганда юзингга табассум ёйилади. Эслаганда ғаройиб хотиралар туғилади. Худди Мурод Муҳаммад Дўстнинг Неъмат акани эслаб ёзган ҳангомаларидай. Уларни яна бир карра тўлиқ ҳолда сизга тақдим этишдан аввал Неъмат ака (тепада) хафа бўлиб қолмаслиги учун унинг бир ҳангомасини ўқинг.:

Атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст Москвада ўқирди.  У мени йўқлаб «Муштум»га келиб қолди. Соқол қўйибди.Қоп-қора тўсдай. Ёнида Маҳмуд Акром деган шоир дўсти. Суҳбатлашиб ўтирган эдик, Эркин Аъзамов қўнғироқ қилиб қолди:

  • Салом,акахон, ёнингизда ким бор? — деб сўради у. Шунда мен:

  • Бир соқолли валли ва бир бесоқол, — дедим.

***

Бундан ўттиз йилча аввал журналистлар, ёзувчию шоирлар орасида Бухоро лаҳжасини аралаштириб сўзлаш бир муддат расм бўлдики, Мурод Хидиров — Ака Мурод, Носир Фозилов — Ака Носир… ва бошқа қатор кишилар ҳам шу каби… пеши уйқаш нисб билан аталишига ҳеч ким ажабланмас эди.

Салом-аликдан кейин албатта “ёмон йўқми?” деб аҳвол сўрайсиз. Бу – “аҳволинг яхшими?” деган саволнинг бухороча кўриниши. Бинобарин, “анъана”дан бехабар одам жўнгина “аҳволинг қалай?” деб сўраса, унга албатта “ёмон йўқ”, деб жавоб беришингиз шарт.

Айниқса, чўнтагидан пули тушиб қолган одамга “пулингиз йиқилди”, деб айтиш завқли эди.

Ҳовлига келган меҳмонга: “Итимиз қопмайди, ҳуради, холос”, дейиш ўрнига, “Кучукимиз чақмайди, фақат вав-вав қилади”, деб тасалли бериш гаштини таърифлашга эса ҳар қандай бурро тил ҳам ожизлик қилади.

Адашмасам, ўша замонда киностудияда ишлардим. Аниқроғи, тузукроқ ишламасдан маош олардим. “Ижодий устахона” деган ғаройиб бир бўлим очиб, бир йилда битта фильмга матн ёзиш шарти билан уч–тўрт ёзувчини ишга қабул қилишган эди. Устамиз Одилшо Агишев Масковда яшарди. Ойда бир марта келиб, биз ўрис лисонида “твоя-моя” қилиб ёзган уч–тўрт варақ нарсани ўқийди, маслаҳат беради, сўнг яна Масковга учиб кетади. Хуллас, бу дориломондаги ҳаёт шу қадар фароғатли, шунинг баробарида шу қадар бетус ва зерикарли эдики, кўп вақтим газет–журналлардаги акалар ва дўстларни зиёрат қилиш билан ўтарди.

Мурод Хидировнинг “Гулистон” журналидаги хонасида гап сотиб ўтирган эдим. Телефон жиринглади. Мурод ака трубкани олди, кимнидир юзи тиришиб тўрт-беш сония тинглаб турди, сўнг “телефондан бохабар бўп туринг, шоир, мени энағар Сталин чақиряпти” деб чиқиб кетди. Англадимки, уни бош муҳаррир муовини Ваҳоб Рўзиматов ҳузурига чорлади, энди инжиқ чол кап-катта одамни ҳовонга тиқадию эринмасдан туяди: сувга сийманг–да, окаси, биламан, сизларга гапим ёқмайди, лекин на қилай, окаси, айтиш – манинг бурчим, хоҳлайсизми–йўқми, ман бир адабиёт дарвозасига бойланган итман… ва ҳоказо ва ҳоказо.

Телефон яна жиринглади. Бу гал қаттиқ жиринглади. Кимдир узоқдан сўраётгани аниқ эди. Трубкани кўтардим.

–Ассалому алайкум, акажон! – деди симнинг нариги учидаги одам.

–Ваалайкум ассалом, – дедим мен. – Ёмон йўқми?

–Э! Топдингиз, акажон! – дея хитоб қилди. – Топдингиз, ман Бухородан! Ман – ўрт-тоқ Бақоев!

Бақоев кимлигини билмасдим, лекин сир бой бермадим.

–Узр, Бақоев ака, – дедим – Ака Мурод Ака Ваҳобнинг кабинкасига чиғди.

Бор–йўғи шу. Бир дақиқалик суҳбат. Ўртоқ Бақоев билан бошқа гаплашганимиз ҳам, кўришганимиз ҳам йўқ. Табиийки, ўртоқ Бақоев Неъмат Аминов асарларида турли номлар билан элга достон бўлишини тасаввур ҳам этолганим йўқ.

***

Билмаган одам бухороча такаллумларимизни эшитиб, бизни жинни деб ўйларди. Бизни жинни қилган “нобакор”нинг оти ҳам аён эди – Неъмат Аминов. Ака Неъмат. Асли бухоролик, Ромитан музофотининг Питмон қишлоғидан. Отасининг касби – темирчи. Ўзи – бугун элга машҳур ва матлуб ёзувчи.

–Неъмат ака, Бақоев деганлари ким? – деб сўрадим бир гал.

Неъмат ака, бўлиқ вужудини майда титратиб, маза қилиб кулди, сўнг, арслон ёлидай ҳурпайган қалин сочларини икки панжасини кенг ёзиб ортга таради, курсига жойлашиброқ ўтирди.

–Бақоев – раис, укажон, – деди у ниҳоят.

–Мансаби раисми? – деб сўрадим мен.

–Энди, раис–да, укажон…

Неъмат аканинг тўғри саволга шу тарзда дудмалроқ жавоб берадиган одати бор эди. Бир гал Эркин Аъзам “Ёлғончи фаришталар” романидаги Шамси Тўраев кимлигини сўраганида ҳам шундай жавоб берган эди:

–Шамси Тўраевич – катта одам, укажон.

–Катта бўлса, мансаби нима? Облисполкомми, обкомми, ким?

–Энди, катта одам–да, укажон…

***

Неъмат Аминовнинг раислари, “катта одам”лари шу қадар кўп эдики, баъзида уларни адаштириб ҳам юборардик. Бир қарасанг, у ёш ва керагидан ошиқ даражада ғайратли бўлади. Яна бир қарасанг, раис етмишларни қоралаган кекса одамга айланади. Мункиллаган чолга айланадию Бухоро радиосининг кимдир эски бойдан қолган кўрдеворли, чорбурчак мусулмони ғишт тўшалган ҳовлисида, намозшомгул ва гултожихўроз экилган бир парча ерда донлаб юрган чумчуқларга узоқ тикилиб қолади. Кейин секин овоз беради:

–Ўртоқ Аминў–ўф, бу тараф келинг…

Ўртоқ Аминўф, яъники Бухоро радиоси бош муҳаррири Неъмат Аминов раисга яқинроқ боради:

–Чақирдингизми, домлажон?

–Қаранг, ўртоқ Аминўф, – дея уҳ тортади раис. – Прастой чумчуқ… чиқаду – тушаду, чиқаду – тушаду… бир минутга қирк марта чиқаду–тушаду… бизга бир ойга бир марта йўқ…

–Тузоқ қўйсак–чи, домлажон? – деб сўрайди Неъмат Аминов ичидан тошиб чиқаётган кулгини зўрға босиб. – Чумчуқ гўшти даво дейишади…

–Фойда не, – дейди раис файласуфона сўлиш олиб, – одамизод шу аст, ўртоқ Аминўф, аввал у ёқи ўладу, баъдаз бу ёқи ўладу… баъдаз ўзи ўладу…

Неъмат ака кекса раиснинг қартайган овозини ҳам, лаҳжасини ҳам роса ўхшатиб кўрсатарди. Биз Бухорои шарифда шундай одам борлигига ишонардик, лекин, бари бир, бу одамнинг вилоят радиосига раислик қилгани эриш бўлиб туюларди.

–Лекин ёмон раис эмасди, укажон, – деб куларди Неъмат ака.

–Тилни билармиди ўзи?

–Энди, раис тилни билиши шарт эмас-да, укажон, кейин бу радио бўлса, мухбирлар ёзганини эшитса бўлди–да…

–Эшитармиди, ишқилиб?..

–Йўқ, укажон, эшитмасди… Бизга ишонарди. Биз ишлардик, у киши раислик қиларди.

Неъмат аканинг бошқа ҳикоясида раис бирдан ёшариб қоларди.

Недир байрам куни. Раис ўзининг хонасида зерикиб ўтирибди. Ижодкор ходимлар уй-уйида, ишхонада турли хабарлар ва консертлар ёзиб қўйилган тайёр тасмаларни айлантириб турадиган техник ходимлар қолган, холос.

Тушга яқин обкомдан “ваҳий” келадики, палон колхоздаги Эшматов бошлиқ бригада вилоятда биринчи бўлиб пахта планини бажарибди, Эшматов дегани ҳам бригадир, ҳам механизатор, унга мухбир юборинг, зудлик билан ёзиб келиб, аҳли Бухорони янги меҳнат зафаридан огоҳ этсин.

Раис оғир аҳволда тушиб қолади. Ўзи эплаб ёзолмайди. Бирорта журналистни уйидан чақириб олай деса вақт кетади. Обком топшириғи – кўп қалтис масала, вақтида бажармасанг мансабдан учиб кетасан. Ноиложликдан унинг ўзи, мухбирхонада қалашиб ётган “Репортёр” русумли магнитофонлардан бирини Васянинг елкасига илиб, илғор бригадир яшайдиган колхозга зудлик билан жўнайди. Бориб кўрсаки, иш жуда қизғин – асфальт ётқизилган кенг майдонда уч-тўрт киши, қўлларида паншаха, нам пахтани у ёну бу ёнга ағдариб қуритяпти, пахта терадиган икки-уч мошина ҳам шийпон ёнида далага чиқишга шай бўлиб турибди.

–Ўрт-тоқ биргадир! Ўрт-тоқ Тошматов! – дея овоз беради раис.

Мошиналар атрофида куймаланиб юрган одамлардан бири келади, салом беради. Раис гапни чўзиб ўтирмасдан, унинг бурнига микрофон тутади. Сўнг Васяга имо қилади. Вася магнитофон мурватини бурайди.

–Сиз, ўрт-тоқ Тошматов, бу хўжалик йилига нечча тонна пахта тердинг? – деб сўрайди раис. Жумлани “сиз”дан бошлаб, “сен”да тугатганини сезмайди ҳам.

–Ман – Эшматов… – дейди бригадир ўнғайсизланиб.

–Хай, майли, ўрт-тоқ Эшматов… сиз бу хўжалик йилига неча тонна пахта тердинг?

–Сиз – мухбирме? – деб сўрайди бригадир.

–Мухбир, мухбир… – дейди раис бетоқат бўлиб, сўнг, тағин бу кўргиликларни бошқаларга сотиб юрмасин, деган ўй билан шопирига ўқрайиб қарайди. Куйган калладай тиржайиб турган Вася дарров лаб-лунжини йиғиштириб олади. – Хўш, ўрт-тоқ Тошматов, сиз бу хўжалик йилига…

–Ман – Эшматов… Исмим – Хайрулло, – деб эслатади бригадир.

–Эшматов, Эшматов… Сиз бу хўжалик йилида нечча тонна пахта териб бердинг?

–Ман, Эшматов Хайрулло, бу хўжалик йилида эллик тонна пахта териб бердим…

 

Шоир Хуршид Давроннинг сайтидан олинди