Космонавт Солижон Шарипов Шимолий қутбда Ўзбекистон байроғини ўрнатди. Туркиянинг Dünya Bülteni нашрига асосланиб Марказий Осиё янгиликлар хизматининг ёзишича, Шимолий қутбга уюштирилган экспедиция Солижон Шариповнинг шахсий ташаббуси бўлиб, у ўз ҳисобидан амалга оширган.
Космонавтнинг айтишича, улар етти киши бўлиб, Норвегия орқали Арктикага кириб боришади. Вертолётда дунёнинг энг шимолий нуқтасига боришади. Ҳаво ҳарорати -40 даражадан паст бўлиб, жуда совуқ ва шамол бўлган. “У ерда, Шимолий қутбда мен Ўзбекистон байроғини, дўстларим эса Россия бароғини ўрнатишди”, — деди у.
Солижон Шарипов Қирғизистоннинг Узган шаҳрида таваллуд топган бўлиб, Ўзбекистоннинг “Буюк хизматлари учун” ҳамда “Амир Темур” орденлари билан мукофотланган. У 1998 ва 2004 йилларда космосга кўтарилган. Россия Федерацияси Қаҳрамони, Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони мукофоти билан ҳам тақдирланган.