Россияга жорий қилинаётган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатадими?

Маълумки, шу кунларда Ғарб мамлакатлари Украина инқирозини чуқурлаштиришдаги роли учун Россия иқтисодиётининг турли тармоқларига иқтисодий санкциялар жорий қилмоқда. Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи иқтисодий шерикларидан бири, қолаверса, ташқи миграция масаласида етакчи бўлганлиги учун мазкур санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига билвосита ва бевосита салбий таъсир ўтказиши ҳақида турли хавотирлар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, Украинадаги воқеалар Ўзбекистон-Россия ўртасидаги товар айланмаси ҳажмининг ўсишига салбий таъсир кўрсатади. ХВФ экспертларининг фикрича, Россия ва Украина орасидаги геосиёсий кескинлик нафақат иккала мамлакат, балки бутун МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига ва, ҳатто жаҳон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

“Россия иқтисодиётининг тангликка учраши Россиядан қилинадиган импорт мамлакат ЯИМнинг 5 фоиздан ошувчи давлатларга (Белоруссия, Украина, Молдавия, Туркманистон, Ўзбекистон), шунингдек Болтиқбўйи мамлакатлари, Словакия, Болгария, Финляндияга салбий таъсир қилиши мумкин. Зарар Россиядан жўнатиладиган пул ўтказмалари ЯИМнинг 8 фоизини ташкил этадиган мамлакатларга (Тожикистон, Қирғизистон, Молдавия, Арманистон) етади, дейилади халқаро молия тузилмасининг маърузасида.

Юқорида алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Россия биринчи ўринни эгаллайди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо айланмасида Россиянинг улуши 28,5 фоизни ташкил қилди.

Умуман, иқтисодий таҳлилчилар фикрича, Россияда иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, иш жойларининг қисқариши, ўз навбатида,  мигрантларга қарши талабларнинг янада қаттиқлашишига ҳамда улар юбораётган маблағлар оқимининг камайишига олиб келиши мумкин. Шундай бўлса-да, экспертлар Россияга жорий қилинаётган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига қисқа муддатли таъсирга эга эканлигини ҳамда узоқ истиқболда салбий оқибатлар кўзга ташланмаслигини қайд этишмоқда.

Нега санкциялар салбий таъсир кўрсатмайди?

Биринчидан, бугунги кунда Россияда меҳнат мигрантларининг катта қисми шундоқ ҳам арзон ва хуфиёна иқтисодиётда ишлашади. Уларга бундан-да кам тўланиши ёки “теневой” иқтисодиётнинг йўқолиб кетиши амри маҳол. Балки бундай иқтисодиёт янада ривожланиши мумкин. Қолаверса, 2008-2009 йилги инқироз йилларида меҳнат мигрантлари юборган маблағлар оқими бир неча баробар камайган эди. Ўша вазиятда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти ва истеъмол қуввати кескин тушиб кетмаган. Масалан, 2008 йилда МДҲ мамлакатларига 12 миллиард доллардан ортиқ маблағлар юборилган бўлса, 2009 йилда бу кўрсаткич 8,5 миллиард доллар атрофида бўлган.

Иккинчидан, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмида асосан нефть-газ, металлургия сингари муҳим хом ашёлар етакчилик қилади. Яна бир жиҳати, Ўзбекистоннинг Россияга экспорти импортидан кўра бирмунча катта ижобий сальдога эга. Масалан, 2012 йилда икки мамлакат ўртасида савдо айланмаси 7,6 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, унда Ўзбекистон 2,2 миллиард долларлик ижобий сальдо қайд этган. Яъни, қисқа қилиб айтганда, санкциялар Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари ва хомашёларига салбий таъсир кўрсатмайди.

Учинчидан, Россия экспортёр корхоналари маҳсулотларининг Европада жиддий тўсиқларга дуч келиши уларни янги бозорларни излашга мажбур қилади. Шак-шубҳасиз, Ўзбекистон Россиядан товар ва хизматлар импорти ҳажмини кўпайтиришда турли нарх ва бошқа имтиёзлар, преференцияларга эга бўлиши мумкин.

Тўртинчидан, айрим таҳлилчилар Россия бошқа мамлакатларга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини камайтириши натижасида Ўзбекистонда турли лойиҳаларни амалга оширишда инвестиция камайиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Россия ўтган йили Ўзбекистонга 600 млн доллардан ортиқ инвестиция киритган. Бу инвестициялар асосан “Газпром”, “Лукойл” сингари компаниялари томонидан киритилган бўлиб, Ўзбекистон инвестиция ҳажмида у даражада катта улуш ҳисобланмайди. Қолаверса, Ўзбекистон эҳтимолий инвестиция оқими сусайишини Хитой, Жанубий Корея, араб мамлакатлари, шунингдек, Осиё тараққиёт банки имтиёзли кредитлари асосида бартараф этиши ҳам мумкин.

Бешинчидан, Ўзбекистон ташқи бозорларга чуқур интеграция қилмаганлиги сабабли ҳам ташқи бозорларда юзага келган турли танг вазият мамлакат иқтисодиётига у даражада салбий таъсир кўрсатмайди. Қолаверса, Ўзбекистон сўнгги йилларда асосий экспорт йўналишларини шакллантиришда қўшимча бозорларни фаол ўзлаштириб бормоқда.

Ва хулоса қилиб айтганда, Россияга жорий қилинаётган санкциялар Ўзбекистоннинг ўз ташқи иқтисодий фаолиятини янада жадал диверсификация қилиш, янги бозорларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Лекин бу санкциялар Ўзбекистон иқтисодиёти учун оғриқли оқибатларга олиб келади, дейишдан йироқмиз.

 

Мурод ҒОФУРОВ.