Ўзбекистон ҳукумати шакар олди-савдосини қатъий назоратга олди

Маълумки, ўтган ҳафта давомида Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида шакар танқислиги келиб чиқиб, унинг нархи ошиши ҳамда савдо нуқталарида каттадан-катта навбатлар ҳосил бўлган эди. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси шу вазият юзасидан расмий изоҳ берди. Унга кўра, жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳри ва бир қатор ҳудудларда шакар маҳсулоти танқислиги кузатилиб, оқибатда баъзи савдо дўконларида шакар маҳсулотини чакана нархларини асоссиз ошишини келтириб чиқарди.

Давлат рақобат қўмитаси шакар маҳсулотининг “сунъий тақчиллигини” келиб чиқишига асосий сабабни “оддий олиб-сотарлик, шу жумладан ушбу маҳсулот бозорида фаолият кўрсатаётган улгуржи воситачилар ҳамда чакана савдо дўконлари ўртасида ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари” эҳтимолдан ҳоли эмаслиги билан боғлаган.

Қўмитага кўра, юзага келган бу вазиятдан баъзи ноинсоф истеъмолчилар чайқовчилик мақсадларида фойдаланмоқдалар, яъни улар йирик савдо дўконларидан кўп миқдорларда шакар маҳсулотни сотиб олиб, сўнгра уни юқори баҳоларда қайта сотмоқдалар. Хабарда айтилишича, бугунги кунда мамлакатимизда шакар маҳсулоти тақчиллигини келтириб чиқарадиган хеч қандай объектив ва субъектив сабаблар ва омиллар йўқ.

Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабарида айтилишшича, жорий йилнинг 1 ярим йиллигида шакар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 14,7 фоиз ошган бўлса, биржа савдолари орқали сотилаётган шакарнинг миқдори эса режалаштирилган ҳажмдан деярли 4,7 фоизга кўп бўлган. “Бу кўрсаткич, аҳоли истеъмол қиладиган ва саноат эҳтиёжи учун ишлатиладиган шакар маҳсулотини ўсиш тендентсиясига тўлиқ мос келади”, — дейилади расмий хабарда.

Бундан ташқари, шакар маҳсулоти бозорида барқарорликни таъминлаш, юзага келган вазиятни юмшатиш ва истеъмолчилар ўртасида шов-шувларга барҳам бериш мақсадида Ҳукумат томонидан чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди.

“Шунингдек, истеъмолчиларнинг диққатини жорий йилнинг июл ойи мобайнида савдо дўконларига қўшимча тарзда яна 12,0 минг тонна шакар ажратилади ҳамда июл ойида биржа савдолари орқали сотиш мўлжалланган шакар 20 июлгача тўлиқ савдога қўйилишини маълум қиламиз”, — дейилади расмий хабарда.

Давлат рақобат қўмитаси истеъмолчиларни асоссиз шов-шувларга эътибор бермасдан, зарур ҳажмларда шакар маҳсулотини сотиб олишга чақирган. Эслатиб ўтамиз, шакар танқислиги Ўзбекистон интернет ахборот сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, шу кунларда савдо нуқталарида шакар харид қилиш бемалол бўлиб қолган.