Сирожиддин Аслов: “Ўзбекистон ва Тожикистон сиёсий мулоқотларни янада фаоллаштириши керак”

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашида иштирок этмоқда. Ушбу ташриф доирасида Абдулазиз Комилов Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов билан учрашди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, ўзаро тушуниш ва ҳурмат руҳида ўтган учрашувда томонлар икки давлат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди.

Расмий хабарда айтилишича, Тожикистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасбининг эътиборини сиёсий мулоқотларни янада фаоллаштириш, транспорт, энергетика, маданият ва чегаравий ҳамкорлик ҳамда бошқа йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратди.

Тожикистон тарафининг фикрича, ушбу соҳаларда тўлиқ ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ҳамкорлик даражасини ошириш ҳамда иккитомонлама муносабатларда тегишли масалаларни ҳал қилишга хизмат қилади.

Учрашувда, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга масалалар, шунингдек, ШҲТ доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Тожикистон раҳбарияти Ўзбекистонга уни ШҲТга раислик даврида қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.