Чикагода шундай йигит бор ёхуд таиландлик келин ҳақида

Сўзбоши ўрнида

Мен бу йигитнинг ҳаёт тарзини кузатар эканман,  бир пайтлар Ўзбекистондаги газеталар “Ажойиб фазилатли кишилар” рукни остида чоп этган мақолалардаги қаҳрамонлар ёдимга келади. “Ватандош” учун ҳам шундай кишилардан бири ҳақида ёзишни лозим топдим.

Танишинг Бекзод Азимов,  25 ёшда.  Қўшма штатларга бундан беш йил аввал келган,  ўшлик ўзбеклардан.
Бекзод қисқа вақт мобайнида катта муваффақиятларга эришди.  Бизнес бўйича коллежни битирди.  Компьютер дастурлаш соҳасида қўшимча курсларда таълим олди.  “Linux” операцион тизими администраторлиги бўйича серификат олиб,  ҳозирги вақтда “Оrbits” компаниясида ишламоқда.  Унинг яна бир катта муваффақияти бор.  Бир кишининг Ислом динига кириб ҳидоят топишига сабабчи бўлган.

Бекзоднинг фазилатлари

Менга бу йигитнинг софдиллиги ,  меҳнатсеварлиги ва миллатпарварлиги ёқади.  У фақат ўзини ўйламайди,  балки бошқаларини ҳам (айниқса,  ватандошларини) муваффақиятга эришишга ундайди.  Бунга бир мисол.  У ўз соҳаси бўйича малакасини ошириб борар экан,  шу соҳага қизиққанлар учун онлайн дарсларни ташкил этди.  Қувончли томони шундаки,  ушбу дарслар тез орада ўз самарасини бера бошлади .  Қисқа вақт ичида бир қанча ватандошларимиз шу соҳада ишга жойлашишга муваффақ бўлди.

Қаҳрамонимизни суҳбатга тортамиз

Келинг,  яхшиси,  Бекзоджон ҳақида кенгроқ маълумотни унинг ўзидан олсак.
– Бекзоджон ,  қандай қилиб АҚШга келиб қолгансиз?
– Мен Қирғизистоннинг Ўш шаҳриданман.  АҚШга Американинг “Work and Travel” дастури бўйича келдим ва ўқишга кириб қолиб кетдим.
– Онлайн дарслар ташкил қилиш ғояси сизга қаердан келиб қолди?
– “Linux” системаси бўйича ишлаётган тажрибали акаларимиз менга шу маслаҳатни беришди ва мен бу ғояни улардан олдим.
– Сиз буни бирор бизнес режани ўйлаб қилдингизми ёки…?
– Йўқ,  йўқ,  мен бунда ҳеч қандай бизнесни ўйламаганман.  Биринчидан,  дарс қилиш давомида ўзим ҳам такрорлайман,  ўрганаман.  Иккинчидан,  бошқалар ҳам муваффақиятга эришса,  мен хурсанд бўламан.

Таиландлик келин

2014-06-04 09.37.18 HDR-2(1)
Таиландлик келин (чапда) Ўшда

Суҳбатимизни Бекзоднинг шахсий ҳаёти ва оиласи мавзусига бурамиз.
– Мумкин бўлса турмуш ўртоғингиз,  таиландлик келин ҳақида гапириб берсангиз.  Қачон ва қандай танишгансизлар?
– Турмуш ўртоғим Муслимахон ( Асл исми Пассорн) Таиланднинг Бангкок шаҳридан.  Мен у билан Алабамада танишганман.  У ҳам “Work and Travel” дастури билан келган эди.  Биз танишганимиздан қисқа вақт ўтиб, у Таиландга қайтиб кетди.  Биз бир-биримизни ёқтириб қолдик ва “Facebook” орқали ёзишиб турдик.
–  Унинг Ислом динини танлаши қандай рўй берди?
– Уларнинг асл дини Буддавийлик экан.  Муслимахон Бангкокда АҚШнинг католик  мактабида ўқир экан.  Унинг Насоро дини тарихини ўрганганлиги,  Исо пайғамбар ҳақидаги маълумотлари менга қўл келди.  Мен унга Ислом дини ва пайғамбаримиз ҳақида кенгроқ тушунтирдим.
– Бу иш осон бўлмагандир?
– Ҳа,  албатта.  Бир қанча саволларга жавоб беришга тўғри келди.  Баҳонада ўзим ҳам динимиз тўгрисида анча кўпроқ маълумотга эга бўлдим.
Унинг ота-оналари-чи,  улар бунга қандай қарашди?
– Дастлаб, улар  қаршилик қилишди.  Чунки улар мусулмонлар ҳақида бироз янглиш фикрда эканлар.  Ҳар ҳолда,  улар зиёли кишилар экан,  бир қанча саволларига қониқарли жавоб олган бўлсалар керак,  рози бўлдилар.
– Келин Муслимахон исмини  ўзи танладими?
– Мен танладим ва у бунга рози бўлди.
– Тўй қачон бўлди?
– 2011 йилда Муслимахон АҚШга ўқиш визаси билан қайтиб келди.  Бухгалтерия бўйича магистратурани тамомлади.  Ўтган йили тўйимиз бўлди.
– Сизнинг ота-онангиз буни қандай қабул қилди?
– Биз яқинда Ўшга бориб келдик.  Улар Муслимани ўз қизларидек қабул қилдилар.  Муслимахон ҳам уларни,  бизнинг жойларимизни ёқтириб қолди.  Унинг айтишича,  таиландликлар ва ўзбеклар менталитети ўртасида бир қанча умумий ўхшашликлар бор экан.  Хусусан,  ёшларнинг катталарни ҳурмат қилиши,  аёлларнинг ўз эрларига эҳтироми ва ҳоказолар.

Бекзоджон (марказда) оила аъзолари ва яқинлари билан Ўшда
Бекзод Азимов (марказда) оила аъзолари ва яқинлари билан Ўшда

– Бекзоджон,  яна бир савол.  Биз ўзбеклар Америкада озчиликмиз.  Кўриб турибсиз,  янги авлодлар дунёга келишяпти.  Болалар катта бўлишяпти.  Баъзи ўзбек болаларимиз она тилларини билишмайди.  Айтингчи,  сиз фарзандларингизни қандай тарбия қилган бўлардингиз?
– Мен фарзандимнинг ўзбек тилини ва маданиятимизни унутмасдан ва албатта,  ўзимизнинг динимизда бўлишини хоҳлайман.  Мен буни ўйлаб қўйганман.  Бунга эришса бўлади.  Мана ҳозир Чикагода болалар учун ўзбекча дарслар ўтилаяпти.  Болалар бир-бирлари билан гаплашадилар,  дўстлашадилар ва бу анча фойдали бўляпти.  Мен ҳам,  Худо хоҳласа,  болаларимни ўзбек жамоаси ичида катта қилишга ҳаракат қиламан.  Албатта,  вақти-вақти билан  Ўшга ҳам юбориб тураман.  Ҳатто ўша жойдаги Америка мактабига бериш режам ҳам бор.
– Ўзингизнинг келажак режаларингиз қандай?
– Компьютер соҳаси бўйича малакамни ошириб бориш,  катта,  машҳур компанияларда ишлаш ниятим бор ва албатта,  ўзбек жамоамизга холис Аллоҳ учун хизмат қилмоқчиман.
– Энди анъанавий саволларга ўтсак.  Ҳаётдаги идеалингиз?
– Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам.
– Севган шиорингиз?
– Яхшилик қил,  дарёга от – билса балиқ билсин,  билмаса Холиқ.
– “Ватандош” газетаси ўқувчиларига тилакларингиз.
– “Ватандош” – бу Қўшма Штатларда нашр қилинаётган ягона газета.  Ватандошларимизни,  миллатдошларимизни бирлаштириш йўлида яхши хизмат қиляпти.  Хусусан,  унда ёритилган ўзбек тилимиз  ва маданиятимизни сақлаб қолиш ҳақидаги муаммоли мақолалар менга ёқади.  Мен газетанинг ижодий жамоасига миннатдорлик билдирган ҳолда барча “Ватандош” ўқувчиларига сиҳат-саломатлик тилайман ва миллий урф-одатларимизни сақлаб қолиш йўлида фаол бўлишларини истаб қоламан.

Олим ШАРИПОВ,  
Чикаго