Россия авиакомпанияси Қримдан Тошкентга авиақатновни амалга ошириш учун рухсат олди

Россия Транспорт вазирлиги Ural Airlines авиакомпаниясига Қрим маркази Симферополдан авиақатновларни амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда Anhor.Uz хабар бермоқда.

Kun.Uz’нинг ёзишича, компания Симферополдан Арманистон пойтахти Ереван, Ўзбекистон пойтахти Тошкент, Озарбайжон пойтахти Боку, шунингдек, Тожикистоннинг Хўжанд ва Душанбега рейсларни амалга ошириши мумкин.

Ural Airlines’нинг матбуот хизмати авиакомпания кўрсатилган йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошириш учун рухсат олганини тасдиқлади.

Хабар беришларича, авиакомпания 2014 йилнинг август ойидан кўрсатилган йўналишлар бўйича авиақатновларни йўлга қўяди.

Тошкент ва Симферополь ўртасидаги рейслар 2014 йилнинг мартида тўхтатилган эди. Ўшанда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ушбу рейснинг хавфсиз эмаслигини маълум қилганди.

Россиянинг Ural Airlines авиакомпанияси эса июнь ойи охирида Симферополдан Тошкентга рейсларни амалга ошириш учун рухсат сўраганди.