Мусофирликдаги бахт

Меҳнат мигрантлари турмушидан

Агар сен меҳнат мигранти бўлсанг, бу сенда шахсий ҳаёт йўқ дегани эмас. Мегаполис жамият ахлоқ нормалари ҳақидаги қарашларга таъсир қилади, ўз урф-одатлари билан келган одамларни ўзгартиради. Анъаналар, урф-одатлар катта шаҳар яратган имкониятлар соясида баъзан чекинишга мажбур бўлади. Қуйидаги “Огонёк” журналида чоп этилган ҳамюртларимиз бахт ҳикояларини ҳавола этамиз.

“Онамга ўзимиздан уйланишга ваъда бергандим”

Питерда бозор яқинидаги коммунал тураржойлардан бири. Ушбу тураржойнинг хонадонлардан бирида 28 яшар Юсуф Раҳмонов ижарада туради. Квартирада вазият қуйидагича: пастқам стол-дастурхон, матрас-кўрпача. Юсуфнинг кичик укаси 23 яшар Алишер алоҳида яшайди. Улар Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳридан келишган. Юсуф Ўзбекистонда кассета пуллаган, диджейлик қилган. Питерда қарийб 9 йилки юк ташийди. Уч йил бурун ўз юртида уйланди, икки нафар фарзанди бор. Тўйдан сўнг келинни ушбу хонадонга олиб келди. Укаси пардадевор ортида яшарди. Юсуфнинг хотини Воиза кўзи ёрийдиган вақт келгач, ватанига қайтиб кетади. У рус тилида ёмон гапиради, шунинг учун бегона шаҳарда фарзандини вояга етказиш осон бўлмасди. Эр-хотин ҳозирда таътил пайтидагина кўришишади, мунтазам скайп орқали мулоқот қилиб туради. Йигит Ленинобластида уй харид қилишни ва оиласини олиб келиш ҳақида орзу қилади.

— Дастурхонга қаранг, — деди табассум билан Юсуф кўрпача ўтиришга улгурмасимдан. Зиғир ёғда палов тайёрлашни таклиф қилди.

Юсуфнинг думалоқ юзлари, самимий табассуми гўёки уни хафа ҳолатда тасаввур қилиб бўлмайдиган таассурот уйғотади. Узоқ Питерда ўғли айниб кетишидан хавотир олиб, онаси унга ўзларидан келин топади. Ўғил ҳам тортишиб ўтирмади. Синглиси дугонаси билан учрашишни таклиф қилди. Учрашув уч дақиқа давом этди.

— Учрашувдан қайтиб келганимда уйдагилар аллақачон мени кутиб туришган экан — синглим гуллаб бўлганди, — дейди Юсуф. — Уйдагилар қароримни кутишарди: совчиликка бориш керакми ёки йўқ? Мен озгина вақт беришларини сўрадим, синглимдан у қизнинг телефон рақамини олдим. Ахир ота-онамга тезроқ жавоб беришим керак эди-ку!

Хуллас, Юсуф тез оради Воизага уйланади.

Юсуф менга қизи ва хотининг суратини кўрсатди. Унинг юзида қизи ва хотинидан қандайдир ғурур ва майин ҳайратни кўриш мумкин. Мусулмонларда шахсий ҳаёти ҳақида бегоналар билан мулоқот қилиш одат эмас, шунинг учун хотини ҳақидаги саволга қисқа жавоб берди:

—                        Мен уни тўйдан кейин севиб қолганман…

Ўзбек оилаларида ота-онасининг маслаҳатига кириб келин танлаш ҳали ҳам анча долзарб. Эндиликда бу анча осон бўлиб қолди. Куёвга келиннинг сурати ёки видеоси ижтимоий тармоқлар орқали етказилса бўлди. Масалан, Юсуфнинг кичик укаси Алишер ўз қайлиғини онаси томонидан юборилган видео орқали кўрган. Оналар ҳеч қачон ёмон қизни тавсия қилмайди. Икки ёш яқинда Ўзбекистонда учрашишди. Шу кунларда тўй бўлиши керак.

Нилуфар иккинчи турмуши ҳақида. Фото: Александр Гальперин
Нилуфар иккинчи турмуши ҳақида. Фото: Александр Гальперин

“Иккинчи марта турмуш қуриш — омад”

Одатдаги жамиятларда иккинчи марта турмуш қуриш осон иш эмас. Аммо катта шаҳарлар бу анъаналарни ҳам тўғрилаб боради…

… Питерда бу аёлни Нина дейишади. Аслида унинг исми Нилуфар. 33 яшар ушбу аёл ҳаётида жуда кўп оғир кунларни кўрган. Питерда тикувчи, тамада, диктор, мебель юкловчи, фаррош бўлиб ҳам ишлаган.

Нилуфар билан у ишлайдиган магазин яқинида учрашдик.

— Ўзбекистонданман. 19 ёшимда уйдагиларнинг қистови билан турмушга чиққанман, дейди у.

Нилуфарнинг айтишича, иккинчи фарзанди дунёга келганда, қайнонаси бу уйни силар қурмагансилар, ўзларинг уй қуринглар, деб такрорлайверади. Уй қуришга киришади. Эрига четга чиқиб ишлаб келишни таклиф қилади. Қайнонаси эса керак бўлса, ўзинг бор, болаларга ўзим қарайман, дейди. Тақинчоқлар ва ҳовлининг ҳужжатларини ташлаб кет, деб тайинлайди. Нилуфар 2006 йили Питерга келади. Уни нима кутаётганини билмасди. “Резина” квартирада 60 киши билан тўрт кун яшайди. Қўшниси уни идиш-товоқ ювишга ишга жойлайди. Ҳамюрти билан Агар ўртадаги одам уларни фоҳишабозликка жалб қилса, қочиш режасини тузишади.

— Питерга апрелда келган бўлсам, августда эрим мен билан ажрашди. У судга мурожаат қилиб, мени оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи бўлганди, суд рухсат бермади, — сўзлаб беради Нилуфар. — Бир йилдан сўнг қизим Маржонани Питерга олиб келдим, ўғлим отаси билан қолди.

Нилуфар Ўзбекистонга борганида ўғли билан айланишни, унга олиб келган совғаларини бермоқчи бўлади. “Бу совғалар ҳаром йўллар билан топилган, бизга керак эмас. Сен Россияда ойига минг доллар топасан, ўғлингнинг, яхшиси, ўқиши ва овқатига тўла”, — дея эри бақиради. Пул беришга мажбурлайди, йўқса, қизини Россияга олиб кетишга ишончномага қўл қўйиб бермаслигини айтади.

Россия фуқаролигини олиш учун Нилуфар россиялик билан сохта никоҳдан ўтишга қарор қилади. Аммо “куёв” ҳақни натура билан тўлашни талаб қилганда, бу фикрдан қайтади. Чиройдан қисмаган бу қизнинг Питерда ихлосмандлари кўп эди, аммо уларнинг ҳаммасига рад жавобини берар эди. Ёлғиз яшар, қизини тарбияларди. Турмушга чиқмаган мусулмон аёлларга жуда қийин: қанчалик яхши одам бўлмасин, барибир эгри кўзлардан қочиб қутула олмайсан. Коммуналканинг эгаси Нилуфардан ижарага одам топишни сўрайди. У бир неча кишини олиб келади. Улардан бири Учқун 34 ёшда. Питерда қоравул бўлиб ишларди. Нилуфарга уйланди. У ҳозир Ўзбекистонда янги оиласи учун уй қурмоқда. Уй битгач, ҳаммаси бирга қайтиб кетишни режалаштиришмоқда. Учқун танишлар орқали совчилик қилмоқчи бўлади. Аммо бу Нилуфарга ёқмайди: “уйланмоқчимисан, совчиларни отамга юбор”. Учқун шундай қилди. Уйдан Нилуфарга СМС келади: “Биз сени турмушга бердик!”.

— Иккинчи марта қизим учун турмушга чиқдим. Отасиз ўсган қизларга нисбатан қандайдир нотўғри қараш бор, — мулоҳаза юритади Нилуфар. — Никоҳ Питерда ўқилди, Ўзбекистонда ФҲДЁдан ўтдик. Уйдагиларга пул юбориб, тўйга тайёргарлик кўрдик. Чунки биз эр-хотин эканлигимизни ҳаммага билдиришни истардик. Орзу қилган оқ куйлагимни харид қилдим. Шундан сўнг Учқунга айтдим: “Агар Маржонани хафа қиладиган бўлсак, биздан яхши оила чиқмайди. Бу ҳаётимда ундан бошқа ҳамма нарсамни йўқотганман”. У буни тушунди, Аллоҳга шукр, Маржона Учқунни ўз отасидек яхши кўради. Менга Худо шунча азоблардан сўнг мана шундай инсонни йўлиқтирди. Ҳозирда яна бир қизимиз бор — Сабрина. Бир сўз билан айтганда, мен бахтлиман.