Раддия.uz ёхуд ижтимоий тармоқлар ўзбек журналистикасини “ишлаш”га ундамоқда

Ўтган асрнинг ярми. Узоқ қишлоқдан онахон ўғлининг шаҳардаги квартирасига келади. Уйнинг туридан жой олган онахон қараса, ёнидаги деворда иккита тешик турибди (розетка бўлган). Шунда у: “ҳукуматдан айланай, игнагаям жой ясабди” деган экан.

Бугун ҳукуматдан айланамизми ёки олимлардан айланамизми, интернет одамларнинг турмушини, ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Айниқса, ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланиши дунё миқёсдаги анъанавий муносабатларда эврилиш ясади. Масалан, АҚШ Давлат департаменти мамлакат махфий хизматига таяниб эмас, балки ижтимоий тармоқлардаги постларга асосланиб бошқа мамлакатларни нимададир айбламоқда.

Айни пайтда сўз эркинлиги тўлиқ қарор топмаган ёки журъати, жасорати етмаётган журналистларни янада фаолроқ бўлишга ундаётган, бугун ишламаса, эртага ахборот бозоридан чиқиб кетишига тўғри келаётганини англаб етишига катта ҳисса қўшаётган ҳам ижтимоий тармоқлар бўлади.

Сир эмас, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фаолиятидан кўпчиликнинг кўнгли тўлмайди. Хоҳлаймизми-йўқми, маҳаллий матбуот том маънода “тўртинчи ҳокимият вазифаси”ни бажара олаётгани йўқ. Лекин ижтимоий тармоқларнинг жамиятда кенг тарқалиши ОАВни, айниқса, интернет нашрларининг фаолроқ ишлашига, одамларни ўйлантираётган масалаларни ёритишга ундамоқда. Энг муҳими, бу хабарлар шу пайтгача жим юрадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳам масалага жиддий муносабат билдиришига олиб келмоқда. Шундан бўлса керак, у ёки бу идора қайсидир ахборотни рад қилгани ҳақида ахборотлар кўпайди. Бу раддиялар, гарчи айрим ўқувчиларнинг ғашига тегаётган бўлса-да, ОАВнинг фаоллашуви ва ҳокимиятнинг очиқ бўлишида муҳим бўлгани учун қувонарли факт сифатида қабул қилиниши керак, деб ўйлаймиз.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон давлат органлари раддия бераётган хабарларни бир неча гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчиси, Ўзбекистон ҳудудида очилмайдиган ёки бошқа мамлакат ахборот сайтларида эълон қилинган хабарларга раддиялар. Масалан, Шу йилнинг 3 июнь куни uzmetronom.com сайтида “ИИВ ғалаёнлар келтириб чиқармоқчими?” сарлавҳали хабарга Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида раддия берди. Ёки Ўзбекистон атом электр станцияси қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар эса “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан рад қилинди. Аёлларнинг хорижга чиқиши учун ҳокимиятдан махсус рухсатнома олиши керак, деган хабарлар ҳам рад этилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бир қатор оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси очилиши юзасидан музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан раддия берди.

Иккинчиси, ижтимоий тармоқларда, маҳаллий интернет нашрларида эълон қилинган хабарларга нисбатан ҳам раддия бериш кўпайди. Масалан, 18 август куни тунда Аграр университети тарафдаги Темур Малик кўчасида “милиция машинаси пиёдани босиб, воқеа жойидан қочиб кетгани, қоидабузар автомобиль рақами эса ИИВ органларига мансуб” экани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда, уларга асосланиб эса бир қатор сайтларда тарқатилган эди. Бу ҳам дастлаб Тошкент шаҳар ИИБ томонидан рад қилинди. «Халқ банки»нинг минглаб ходимлари ишсиз қолиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди.

Умуман, ижтимоий тармоқлар ривожланган бир шароитда раддия беришларнинг бундай кўпайишини тўғри қабул қилиш лозим. Тўғри, оммавий ахборот воситалари бераётган хабарини жиддий текшириб бериши керак, деган принцип ҳали ҳам долзарб. Лекин ўзбек интернет журналистикасининг ривожланишига бундай фактлар ижобий таъсир кўрсатаётгани учун раддия беришларга кўз юмиш мумкин.

Ахборот хавфсизлиги бугун тобора жиддий аҳамият касб этиб бормоқдаки, уни маҳаллий, яъни ўзимизнинг ахборот ресурсларимиз таъминламас экан, ўзбекистонликларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари қондирмас экан, узоқ истиқболда булар ёмон оқибатларга олиб келади. Халқимиз Ўзбекистон ҳақида яхши ва ёмон хабар ҳақида фақат ва фақат ўзимизнинг ахборот ресурсларимиздан билиши керак. Бундан халқ ҳам, давлат ҳам ютади. Чунки бугун ахборотни яширган, уни ошкор қилишни кечиктирган ёки ахборотнинг биринчи манбаси бўлмаган мамлакат аҳолиси ташқаридаги ҳар қандай ахборотга ишонишга мажбур бўлади. Муҳими, хабар биринчи бўлиб тарқатилса бўлди: давлат минг уринмасин, одамларга тўғри ахборотни бериш, аввало, қимматга тушади, қолаверса, самарасини йўқотади.

Баъзан аудитория (ўқувчилар)нинг ахборот иммунитетини шакллантириш ҳақида кўп гапирилади, яъни ёшларни яхши ёки ёмон ахборотни ажратиб олишга ўргатайлик, деган таклифлар кўп илгари сурилади. Бу вазифани амалга ошириш бир кунда, бир йилда бўладиган иш эмас, балки умуман иложсиз ҳамдир. Чунки “оми халқ” ҳар доим бўлган ва бўлиб қолади.

Кейинги масала, албатта, ўзбек журналистлари ҳам фаоллик кўрсатадиган, шу “дўст” сайтлар тарқатаётган мавзуларни кўтарадиган вақт етиб келди. Чунки у ерда гапирилаётган масалалар бизники, ўзбекистонликларга тегишли. Демак, аста-секин ўзимиз муаммони кўтарадиган, у ҳақида давлат органлари муносабатларини талаб қилишимиз лозим. Чунки “ҳақ олинур, берилмас!”

Мурод ҒОФУРОВ.