Украина Ўзбекистон билан эркин савдо зонаси ташкил қилишни режалаштирмоқда

Украина Ўзбекистон билан эркин савдо зонасини ташкил қилишни режалаштирмоқда. 12news.uz сайтининг ёзишича, бу ҳақда Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Павел Шеремет маълум қилган. У Ўзбекистон ва Канада билан ушбу масалада музокара олиб борилаётганини маълум қилган.

“Бу мамлакатларимизнинг ўз маҳсулотларини реализация қилишлари учун имконият яратиб олишади”, деган вазир. Унинг сўзларига кўра, турли мамлакатлар билан эркин савдо зонасини яратиш тўғрисида музокаралар олиб бориляпти.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев Ўзбекистон Украинанинг Европага интеграциялашувини қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди. Ўзбекистон 2005 йилдан бери иқтисодий ўсиш суръати 7 фоиздан кам бўлмаган 5 та мамлакат ичига киради. Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати икки томонлама алоқаларга янги туртки беришдан манфаатдор.

Ушбу масалалар Алишер Абдуалиев ва Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Павел Шеремет ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида кўтарилган. Учрашувда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда ижобий тенденция мавжудлиги қайд этилган. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки беш ойида икки давлат ўртасида товар айланмаси 172,8 миллион долларни ташкил қилди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига қараганда 16,9 фоизга ўсди.