Ислом Каримов Хитойга давлат ташрифи билан боради

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин таклифига биноан шу йилнинг 19-20 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга ташриф буюради. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Цинь Ганга асосланиб, “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда ташрифнинг тафсилотлари ошкор қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 8-10 сентярбь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг ушбу ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди.

Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади.