Жон Керри Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан қутлади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Ўзбекистон халқини АҚШ президенти Барак Обама ва Америка халқи номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги билан муборакбод этди.

“Ташқи ишлар вазирингиз Абдулазиз Комилов Давлат котиби сифатида фаолиятимнинг биринчи ойида Вашингтонга ташриф буюрган эди. Биз минтақада тинчлик ва барқарорликнинг қарор топишида Ўзбекистоннинг муҳим ролини муҳокама қилган эдик”, дейилади табрик хатида.

Давлат котибининг сўзларига кўра, АҚШ Ўзбекистон халқи билан минтақавий савдони ва транзит йўлакларини ривожлантириш, таълимни қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни кучайтириш, илмий ва техникавий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш чораларини кўради.

Жон Керри Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.

ЎзА тарқатган хабарларда айтилишича, АҚШ президенти ҳам Ўзбекистон раҳбари ва халқини байрам билан қутлаган.