Россиядаги меҳнат мигрантларининг шахсий кечмишлари

Россия нашрларида Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантлари ёмонлаб ёзилган, уларга мағзава ағдарган жуда кўплаб материаллар бор. Лекин уларнинг одатдаги социал муносабатлардан ташқари шахсий турмушини очиб берадиган материаллар жуда кам. Яқинда “Огонёк” журналида меҳнат мигрантлари шахсий турмуши ва ҳаёти ҳақида чоп қилган материал ўзининг чуқур таҳлили ва ранг-баранглиги билан эътиборга молик. Қуйидаги ушбу материални қисқартирилган вариантда эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Этноборделлар

Россияда мигрантларни муаммо сифатида кўришади. Кўпчилик билмаса керак, мигрантларни бирлаштирган диаспора вакиллари ҳам хавотирга тушиб қолишган: Россиядаги турмуш уларнинг миллий қадриятларини емириб юбормоқда. Шунинг учун бўлса керак, МДҲга аъзо-давлатлар мигрантлари таълими минтақавий маркази раиси Мақсуд Абдужабборов Давлат думасига мурожаат қилиб, Россияга келувчи мигрантларга нисбатан ёш чекловини жорий қилишга чақирди. “Огонек” журнали диаспора вакиллари нималарга қарши курашаётганини ўрганиб чиқди.

Диаспора вакиллари жамиятнинг ўзидан ҳам кўра анъаналари емирилаётганидан хавотирда. Миграция айни пайтда ишлаш учун кетганлар ва уларнинг уйда қолган қариндошларининг ҳам осойишталигини бузмоқда.

Федерал миграция хизматининг Санкт-Петербург бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, миргантларнинг ўртача ёши 32-35 ёшни ташкил қилади. Аёллар ва эркаклар нисбати 1:9. Марказий Осиёнинг минглаб мигрантлари қурилишда ишлашмоқда, ҳаммоллик қилишмоқда, бозорларда кун кўришмоқда. Савол туғилади: уларнинг шахсий ҳаёти қандай кечяпти? Қуйидаги вариантлар бор: ўзи билан хотини ва бола-чақаларини олиб келиш; яқинлари билан кўришишни кутиб яшаш; иккинчи хотин (маъшуқа) топиш ёки фоҳишалар хизматидан фойдаланиш.

Қурилиш атрофида яшаганлар шундай эълонларни кўрган бўлса керак: “Муҳаббат, 24 соат”, “Севинч”, “Яхши қизлар”. Мегаполисда жинсий алоқа, айниқса, мигрантлар учун оддий муаммо эмас.

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси инспектори Александр Григорьевнинг айтишича, Питерда охирги пайтда Марказий Осиё мамлакатларидан келган қизлар ишлаётган борделлар пайдо бўлган. Экспертлар Москвада ҳам этноборделлар сони ортаётганини қайд этишган. Бугун турли интим хизматларини таклиф қиладиган сайтлар сони ҳам жуда кўпайди. Уларда мигрантлар барча йўналишда “таклиф”ларни кўриш мумкин. Масалан, охирги пайтлар йигитлар ҳам интим хизматларни таклиф қилишмоқда.

— Россияда йигитлар оиласини иснодга қўйишдан хавотир олишмайди, чунки оиласи узоқда. Ана шундан барча нарсани қилиш ва жазосизлик ҳисси шаклланган, — дейди Мақсуд Абдужабборов. — Уйда ота-онаси боласининг ориентацияси ҳақида ҳеч нарса билмайди. Бизда бесоқоболсизлик бутун оиласига иснод. Бундан ташқари, бу жиноий жавобгарлик бўлиб, қамоқхонада уларни яхши ҳаёт кутмайди. Россияда ортиқча саъй-ҳаракатсиз ҳам бунинг орқасидан бир-икки сўм ишлаб олиш мумкин. Бу сизга қурилишда тер тўкиш эмас.

Шу билан бирга, Марказий Осиёдан аёллар миграцияси ҳам ўсиб бормоқда. Аммо уларнинг сонини аниқлаш жуда мушкул. Марказий Осиё мамлакатларида аёл кишининг Россияга пул ишлашга кетишига одамларнинг муносабати турлича: кимлар учундир улар омадли ишбилармон, кимлар учундир қадриятларни бузувчи сифатида кўрилади.

Аёллар миграцияси

Россия Фанлар академияси этнология ва антропология институти илмий ходими, тарих фанлари номзоди Наталья Зотова узоқ йиллардан бери Марказий Осиёдан келган аёл мигрантлар устида тадқиқот олиб боради.

— Россияга келган биринчи аёл мигрантлар ажрашган, фарзанди бор есир аёлардир, — дейди Наталья Зотова. — Марказий Осиёнинг маданий қадриятлари бундай аёлларга кўпроқ эркинлик беради: улар собиқ эридан узоқлашган, қариндошлари эса уларни оилага ортиқча юк сифатида кўришади. Кўп ҳолатларда бундай аёллар ўз болаларини ташлаб, Россияга ишлаш учун келади. Ҳозирги кунда вазият ўзгармоқда: тадқиқотлар шуни кўрсатаяптики, мигрант аёлларнинг аксарият қисми бошида эри бор аёллардир. Қолаверса, сўнгги йилларда мигрантлар орасида олий маълумотли аёллар сони ҳам ошмоқда. Уларнинг даромадлари кўпайди. Бундай аёллар жуда кўп ҳолатларда ўз билан болаларини олиб келади.

Марказий Осиёда эса ҳали ҳам Россияга кетган аёлларни кўп маъқуллашмайди.

— Ишлаш учун Россияга келиш халқимизнинг қадрияти — оилани хавф остида қолдиради. Айрим аёллар (турмуш қурмаган, ажрашган) бир неча эркаклар билан интим алоқага киришганини айтишади, — дейди Мақсуд Абдужабборов. — Шунинг учун биз Давлат думасига мурожаат қилиб, 35 ёшга тўлмаган аёллар, 28 ёшга етмаган эркакларнинг Россияга ишлаш учун келишини тақиқлаш тўғрисидаги таклиф билан чиқдик. Бу таклифимизни сентябрда кўриб чиқишмоқчи.

Унинг сўзларига кўра, бир неча аёл ва эркак бир хонадонда яшаганидан сўнг бошқача бўлиши қийин. Албатта, уларни шайтон йўлдан уради. Агар ёшлар ўз мақсадига эришмаса, зўравонликдан ҳам тап тортмайди. 2013 йилда Питерда 8 нафар мигрант қиз ўз жонига қасд қилган. Чунки йигитлар уларга уйланишга ваъда беришган, кейин ўзаро яқинликдан сўнг уларни ташлаб кетишган. Уйга бундай иснод билан қайтиб бўлармиди?

Марказий Осиёдан келган эркаклар жуда кам ҳолатларда жинсий ҳимояланиш воситаларини ишлатишади. Бу ҳам хоҳланмаган ҳомиладорликка, турли юқумли касалликларнинг ортишига олиб келади.

Наталья Зотованинг сўзларига кўра, Россияга келган эркакларнинг тахминан ярми ўзига маъшуқа топишади. Одатда ўз ҳамюрти билан алоқага киришади, лекин охирги пайтларда рус аёллари билан ошиқ-маъшуқалик ҳам тобора урф бўлмоқда.

СМС орқали ажрашиш

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари нафақат ўзаро танишишга, балки айни пайтда ажримлар учун ҳам қўл келмоқда. Жуда кўп мусулмонларда безор бўлган хотинидан СМС орқали ажрашиш ҳам русум бўлмоқда: “талоқ” сўзини ёзишча, бас.

Гарчи бу технология воситалари анча муҳокамага сабаб бўл -да, СМС орқали розилик олиш ва “жавобини бериш” кенг тарқалиб бормоқда. Мусулмонларда қиз болани ёшлигидан эрининг ёлғиз хотини бўлишга тарбиялаб келишади. Аммо Россиядаги “иккинчи хотин” Марказий Осиё мамлакатлари учун оғриқли масалалардан бирига айланмоқда.

23 яшар Нора Самарқанддан Ленинград вилоятига қайинсинглисининг тўйига пул топиш учун эри билан келади. У Самарқандда рус маъшуқаларга қандай муносабатда бўлишлари ҳақида айтади.

— Агар хотин ўзига тўқ оиладан бўлса, ўз ғуруридан келиб чиқиб, ажрашиши мумкин. Аммо кўп ҳолатларда оилани сақлаб қолиш учун қонуний хотинлар эрларининг “маъшуқалари”га кўз юмади. Жанжал ўз йўлига, аммо эр ҳеч қаёққа кетмайди, албатта, қайтиб келади, — дейди у.

Рус аёллари орасида Марказий Осиё эркаклари бирмунча оммабоп: негаки, улар ичмайди, жуда кам ҳолатларда чекишади. Мигрантларнинг ўзлари ҳам рус аёлларини тез қўлга киритиш мумкин, деб ўйлашмайди. Шунинг учун улар рус маъшуқани фаол қидиради: аксарият маҳаллий аёлларда уй-жой бор, шунинг учун мигрант бир вақтнинг ўзида бошпана, жисмоний яқинлик олади. Уларнинг кўпчилиги аёлларнинг ишонувчанлигидан фойдаланишади. Маъшуқаларга диний қоидалар бўйича никоҳдан ўтишни таклиф қилишади. Динда никоҳсиз аёл маъшуқа, никоҳлиси хотин ҳисобланади. Аммо рус аёлларининг ҳаммаси ҳам биринчи аёлнинг розилигисиз никоҳга кириш нотўғри эканлигини билишмайди. Иккинчи хотин масаласида жуда кўплаб баҳсли масалалар бўлиб, уларни ҳал қилишга диаспора вакиллари ҳам фаол аралашиб туришади.

Мақсуд Абдужабборовнинг айтишича, у рус аёлига уйланган. Марказий Осиёда шундай тушунча бор, дейди у, ўзи учун уйланиш мумкин ёки оила учун турмуш қуриш мумкин. “Ҳозир ўзим учун уйландим. Албатта, Самарқанддаги қариндошларим иккинчи хотинга — ўзбекка уйланишга ундашади. Менинг рус хотиним “оила учун хотин” бўлиши учун у жамиятга киришиб кетиши, динни қабул қилиши керак”, бўлади дейди у.

“Огонек” журнали журналистлари мақолага шундай хотима ясашади:

“… Биз биримизни қадриятларимиз тўғри келмаслиги, бегона маданият таъсирида улар емирилиши ёки йўқ бўлиб кетиши ҳақида айблаймиз. Биз Осиёдан келаётган одамлар оқимидан бекинмоқчи бўламиз, у ерда бизга киришга интилишмоқда. Аммо  биз хоҳлаймизми-йўқми, янада яқин бўлиб боряпмиз. Афтидан, энг муҳимини амалга ошириш қолди: бундан қочиб бўлмасгини англаб етишимиз керак. Бир-биримиз билан мулоқот қилишнинг оптимал қоидаларини топишимиз керак”.