“МТС” ва Ўзбекистон ҳукумати “Universal Mobile Systems” алоқа операторини ташкил қилишди

Россиянинг «МТС» ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ташкил этиладиган янги алоқа оператори Universal Mobile Systems номи остида фаолият олиб боради. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича Universal Mobile Systems қўшма корхонасини тузиш тўғрисидаги қарорда ўз аксини топган. Kun.Uz’нинг ёзишича, янги қўшма корхона 1 ноябрга қадар техник, 1 декабрга қадар тижорий эксплуатацияни амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Россия ва МДҲдаги етакчи мобиль алоқа компанияларидан бири “Мобильные ТелеСистемы” МЧЖ Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битимини имзолаган эди. Унга мувофиқ, компания Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобиль алоқа хизматларини кўриш бўйича фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмоқда.  Янги битимга кўра, корхонанинг 50,01 фоиз акциясига МТС, 49,99 фоиз акциясига эса Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги унитар корхона эгалик қилади. Қўшма корхона олдин “Ўздунробита” МЧЖ ХКга тегишли бўлган мулк, асбоб-ускуна ва инфратузилма базасида фаолиятини йўлга қўяди.