Нуқтаи назар: “Тўхта, сурбет!” ёхуд қачон қовун қовундан ранг олади?

Ўзбекистондаги расмий нашрлар, олий ўқув юртлари учун мўлжалланган қўлланмаларда “кучли фуқаролик жамияти” ҳақида “кўп ва хўб” ёзилганки, баъзан унинг нима эканлигини кўп ҳам тушунмасдан ўтиб кетаверамиз. Фуқаролик жамиятининг энг муҳим элементларидан бири жамоатчилик назорати бўлиб, фуқаролар ўз гражданлик позицияларидан келиб чиқиб амалдорларнинг, ҳуқуқбузарларнинг қилмишлари ҳақида бонг уради. Бу хатти-ҳаракатларни одамлар онгли равишда бажаришади. Чунки тушунишади: бугун шу ҳақда бонг урилмаса, эртага кеч бўлади. Шунинг учун ўнлаб қонунлар қабул қилиш мумкин, лекин одамлар унга чин дилдан риоя этмас экан, у қонунлардан фойда ҳам йўқ. Шу боисдан бўлса керак, кўпчилик Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини шакллантиришга кўп ҳам ишонч билан қарашмайди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда интернетнинг кенг тарқалиши, қолаверса, ижтимоий тармоқларнинг одамлар ҳаётида янада муҳим роль ўйнаётгани жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятларини бирмунча оширди. Мисол учун 5 август куни бир қатор онлайн нашрлари Тошкентда автомобилини белгиланмаган жойга тўхтатиб кетган ёки бошқа автомобиллар ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига халал берадиган даражада қўйиб кетган ҳайдовчиларнинг уловига «СтопХам» («Тўхта, сурбет») ёрлиқларини ёпиштириб кетишаётгани ҳақида ёзишди. Бир қарашда қатъий, бир қарашда қизиқ бўлган ушбу акцияни Ўзбекистонда жамоатчилик назорати аста-секин шаклланиб бораётгани билан ҳам боғлаш мумкин. Хабарларда айтилишича, ушбу акция ким томонидан бошлангани, ёрлиқларни кимлар ёпиштираётгани аниқ эмас, бироқ ижтимоий тармоқларда айнан қоидабузар ҳайдовчиларнинг автомобилларига шундай ёрлиқлар билан белгиланганини тасвирлар тарқалиб кетган.

Айнан мана шу ҳолатда бир неча фикрларни айтишга ундади.

Аввало шуни қайд этиш керакки, балки бу акция бир марталик бўлиши ёки бир неча кундан сўнг ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Лекин бундай хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон жамиятида қандайдир маънода прецедент ҳосил қилмоқда, одамларнинг ўз норозилигини билдириш учун платформа вазифасини ҳам ўтамоқда. Зеро, оммавий ахборот воситалари одамларни ўйлантираётган муаммоларни кўтариб чиқиш имкониятлари анча тор бўлиб турган шароитда, уларнинг саъй-ҳаракатларини том маънода мардлик сифатида баҳолаш мумкин. Фуқаролик жамиятида эътирозларни “аноним” ҳолатда юбориш яхши одат бўлмаса-да, унинг дастлабки элементлари шаклланаётганидан хурсанд бўлишимиз керак.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқлар одамларни ўйлантираётган масалаларни кўтариб чиқишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Бугун Facebook’да жамоатчилик назорати элементлари бўлган турли гуруҳлар юзага келаётгани айни муддаодир. Масалан, “Водители Ташкента”, “Потребитель.Ўз”, “Общественный контроль” (камина биладиган) гуруҳлар пайдо бўлдики, уларда фойдаланувчилар кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммолар, истеъмолчи ҳуқуқлари поймол қилиниши, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ва хизмат кўрсатувчилар фаолияти бўйича ўз эътирозларини кўпчилик билан улашмоқда, фикрлари билан қизиқмоқда. Эътиборли жиҳати, аксарият корхона ва хизмат кўрсатиш муассасалари ижтимоий тармоқлардаги постларга ўз муносабатини билдиришмоқда, керак бўлса, узр сўрашмоқда. Масалан, блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг “Бехато ёзамиз” акцияси билан ўзбек тили имло қоидаларига риоя қилмаётган давлат ва тижорат муассасаларига мурожаат қилиб, яхши натижаларга эришди. Битта хатони ҳар куни кўриб, минг куйиниб юргандан кўра, уни тўғирлаш чораларини кўриш ҳақиқий фуқаро ишидир.

Шу ўринда жамоатчилик назорати ҳаракатлари ҳозирча фақат хусусий сектор ва фуқаролар фаолияти доирасидагини амал қилиб турганини айтиш жоиз. Умид қилиш мумкинки, улар бир кун келиб амалдорлар, мансабдор шахслар фаолиятига ҳам тааллуқли бўлади.

Маълумки, халқимиз бирмунча социал қадриятларга буйсунадиган, яъни атрофдагиларнинг гап-сўзларига, фикрларига қараб яшайдиган халқ. Масалан, одамларимиз маъмурий жарима тўлашдан ҳайиқмаслиги, боринг, бировнинг ҳаққини кўзни пана қилиб ейишдан чўчимаслиги мумкин, ҳатто бу қилмиши учун “ўтириб” чиқиши мумкин, лекин одамлар у ҳақида турли ёмон гапларни айтишларини истамайди, яъни маҳалла-кўйда уни бигиз қилиб кўрсатишларини истамайди. Шундай одамлар борки, уларни қонун билан эмас, балки жамоатчиликнинг фикри билан қўрқитиш мумкин. Ўшанда машинасини нотўғри парковка қилган, навбатсиз ишини ҳал қилган одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб, белгиланган тартибда иш тутади, атрофдагиларга зиёни тегмаслигига интилади, ўзига ва атрофдагиларга ҳурмат шаклланади. Шунинг учун онлайн жамоатчилик назорати гуруҳларининг кўпайиши фақат ва фақат яхшиликка хизмат қилади, дейишимизга барча асослар етарли.

Учинчидан, яна бир риск борки, жамоатчилик назорати ҳар доим амалдорларга, давлат тузилмаларига ёқавермайди. Моҳиятан шундай: жамоатчилик назорати амалдорлар эшитишни истамаган саволларни беради. Шунинг учун жамоатчилик назоратини фақат ва фақат фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини илгари суриши керак, яъни ижтимоий муаммоларни кўтариш мақсадга мувофиқдир. Ва албатта, ноинсоф рақобат қурбони бўлиб қолмаслик, ғаразли мақсадларда ишлатилмаслик, манипуляция воситасига айланиб қолмаслик ҳам жуда муҳимдир.

Бундай жамоатчилик назорати ҳаракатлари Ўзбекистондаги барча муаммоларни ҳал қилади, эртагаёқ ҳамма нарса ўзгаради, дейишдан йироқмиз. Аммо улар фуқароларнинг фаоллашувига, “қовун қовундан ранг олади” дегандек, ижтимоий муаммоларни қўрқмасдан, ҳафсала билан кўтариб чиқишга ундайди. Шунинг учун бу акцияларни қўллаб-қувватлаш керак.

Мурод ҒОФУРОВ.