Ўзбекистон Украинанинг Европага интеграциялашувини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Украинанинг Европага интеграциялашувини қўллаб-қувватлади, чунки бунда ўз тараққиёт истиқболини кўради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдувалиев маълум қилди. Ўзбекистон 2005 йилдан бери иқтисодий ўсиш суръати 7 фоиздан кам бўлмаган 5 та мамлакат ичига киради. Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати икки томонлама алоқаларга янги туртки беришдан манфаатдор.

Ушбу масалалар Алишер Абдуалиев ва Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Павел Шеремет ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида кўтарилган. Учрашувда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда ижобий тенденция мавжудлиги қайд этилган. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки беш ойида икки давлат ўртасида товар айланмаси 172,8 миллион долларни ташкил қилди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига қараганда 16,9 фоизга ўсди.

“Биз Ўзбекистон билан мавжуд алоқаларни қадрлаймиз. Товар айланмасида ўсиш борлигидан хурсандман. Биз иқтисодчи сифатида савдо ҳар доим фойдали эканлигини биламиз. Биз барча йўналишлар бўйича максимал даражада ҳамкорлик, мулоқот қилишга тайёрмиз ва бунинг тарафдоримиз”, деди вазир.

Ўз навбатида, вазир Украина Олий радаси мамлакат бюджетидаги тақчилликни бартараф қилишга қаратилган иккита қонунни қабул қилганини қайд этиб, халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтиришга имконият катта эканлиги айтиб ўтди.

Алишер Абдуалиев Ўзбекистон ва Украина саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича катта салоҳиятга эга эканлигини айтиб ўтди.

“Украина ҳукумати томонидан белгиланган барча режалар муваффақиятли амалга ошишини истардик. Ўзбекистон ва Украина минтақавий ва халқаро миқёсда жуда кўп масалаларда яқин позицияга эга бўлган ва истиқболда шундай бўлиб қолади. Икки томонлама муносабатларга қўшимча туртки беришни истардик эдик, зеро, бизнинг ҳукуматимиз бундан манфаатдордир”, деди элчи жаноблари.

Эслатиб ўтамиз, Украина инқирози борасида Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаб, муаммони фақат тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эди.