Ўзбекистон Украина ҳаво кенгликлари орқали авиақатновни амалга оширмаяпти

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян Украина осмонида Малайзия авиакомпаниясига тегишли самолёт билан боғлиқ ҳалокатдан сўнг Ўзбекистон томони кўрган чоралар хусусида тўхталиб ўтди.

Унинг “Подробно” ахборот агентлигига айтишича, “ҳар бир давлат ўз ҳаво кенгликларида хавфсизликни таъминлаш мажбуриятини олади. Гарчи Украинада эълон қилинган ҳамда кўп бора айтилган маълумотлар, хусусан, 320-эшелондан юқори (9750 метр) кенглик хавфсиз деб таъкидланган бўлса-да, афсуски, бу амалда таъминланмаган. Ўша фожеадан сўнг авиакомпаниямиз тез реакция билдирди: битта ҳам самолётимиз ушбу ҳаво кенгликларида учиб ўтмади”.

Валерий Тян фикрича, Ўзбекистон ушбу ҳудудга ёндош шаҳарларга учадиган рейсларни ҳам Украина ҳаво кенгликларини айланиб ўтган ҳолда амалга оширмоқда. Бу катта саъй-ҳаракат ва ўзаро келишувлар асосида рўёбга чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Лондон, Франкфурт, Париж, Рим ва Милан шаҳарларига Украина ҳаво кенгликларини айланиб ўтмоқда. Шунингдек, Киевга ҳам хавфсиз йўналиш ишлаб чиқилган. “Борисполь” аэропортига Россия ва Белорусь томонидан кирмоқда. Бунда авиақатнов вақти 10-15 минутга ортган.