Урганч шаҳрида Орол муаммосига бағишланган халқаро конференция ўтказилади

 

Урганч шаҳрида шу йилнинг октябрь ойи охирида «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Хабарда айтилишича, ушбу анжуман Президент фармойиши билан ўтказилади.

ЎзАнинг қайд этишича, бугунги кунда Орол денгизининг катта қисми Оролбўйи минтақасини шафқатсизларча қамраб олаётган 5,5 миллион гектардан иборат қум-туз саҳросига айланган. Олимларнинг таъкидлашича, ҳар йили атмосферага қуриб бораётган денгиз тубидан 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, 400 километрлик майдон бўйлаб тарқалмоқда. Орол денгизининг Ғарбдан Шарқ томонга эсадиган кучли ҳаво оқими йўлида жойлашгани ва бу аэрозолларнинг атмосфера юқори қатламларига кўтарилишига ёрдам бераётгани атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини янада кучайтирмоқда. Туз оқимлари аломатлари бутун Европа ва ҳатто Шимолий муз океанида ҳам кузатилмоқда.

Конференциянинг асосий мақсади – Орол денгизи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият маблағ ва саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш, шунингдек, экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтиришга доир халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.

Ялпи мажлисда Орол денгизи муаммоларига бағишланган видеофильмни намойиш этиш режалаштирилган, минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалалари муҳокама этилади, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси вакиллари, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари ва донорларнинг маърузалари тингланади.