Украина ҳукумати ва сепаратистлар ўзаро тинчлик сулҳига эришган

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Украина ва Донецк ва Луганск вилоятлари “халқ республикалари” вакиллари Донбассдан 5 август куни соат 18.00дан ўт очишни  тўхтатиш тўғрисида келишувга эришди. Ушбу келишув талаблари акс этган баённома имзоланган. Буни тарафлар ҳам тасдиқлаган.

Жума куни бўлиб ўтган музокараларда Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма, Россиянинг Киевдаги элчси Михаил Зурабов, ЕХҲТнинг махсус вакили Хайди Тальявини, ўзини мустақил давлат деб эълон қилган “Донецк халқ республикаси” “бош вазири” Александр Захарченко, “бош вазир ўринбосари” Андрей Пургин, Луганск халқ республикаси “бошлиғи” Игорь Плотницкий иштирок этди.

“Интерфакс”нинг ўз манбасига таяниб хабар беришича, тарафлар тинчлик сулҳи бўйича асосий масалалар юзасидан келишувга эришишган. Хусусан, Украина ўз қўшинларини Донецк ва Луганск вилоятларидан олиб чиқиб кетади, можароли ҳудудда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари жойлаштирилади ҳамда уларнинг хавфсизлиги таъминланади.

Бундан ташқари, Украина ҳарбий ҳаво кучлари 5 сентябрдан эътиборан айирмачилар ҳудуди қатновларни амалга оширмайди, 7 сентябрь куни Россиядан борадиган гуманитар ёрдам учун йўлак очилади.

Украина раҳбари Пётр Порошенко тарафлар шанба — 6 сентябрдан асирларни алмашишга киришини маълум қилган. У мамлакат қуролли кучларига ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берган.