Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғи жорий қилинади

Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Сенаторлар томонидан маъқулланган қонунга кўра, мамлакатнинг Жиноят-процессуал кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Унга кўра, уй қамоғи айбланувчига нисбатан чеклов ва тақиқларни юклаб, назорат ўрнатилган ҳолда мулкдор, ижарачи сифатида ёки бошқа қонуний асослар билан яшаётган жойида уни жамиятдан батамом ёки қисман ажратишдан иборат.

“Ватандош” манбаларига кўра, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, ўз навбатида, айбланувчини ҳаракатланиш эркинлигининг чекловига, шунингдек муайян шахслар билан мулоқотда бўлиш, ёзишмалар қабул қилиш ва юбориш, ҳар қандай алоқа воситалари орқали сўзлашувлар олиб боришининг тақиқланишига олиб келади. Киритилган ўзгартишларда айбланувчининг хулқи устидан электрон воситалар ёрдамида кузатувни амалга ошириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Шуни қайд этиш керакки, шу пайтга қадар Ўзбекистонда Жиноят-процессуал кодексида муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат, шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги, гаров, қамоққа олиш,  вояга етмаганларни кузатув остига олиш учун топшириш, ҳарбий хизматчининг хулқ-атвори устидан қўмондонлик кузатуви сингари эҳтиёт чоралари қўлланилади.