Ҳасан Руҳоний Ислом Каримовни Эронга таклиф қилди

Душанбеда ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ҳасан Руҳоний мавжуд имкониятларни икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга йўналтиришга чақирди.

Руҳонийнинг фикрича, Эроннинг қулай географик жойлашуви минтақадаги мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон учун транзит вазифасини бажаришда қўл келади. У ғарб мамлакатлари билан муносабатларда миллий манфаатларга асосий эътибор қаратилишини қайд этиб, Эрон ўзининг қонуний ҳуқуқларидан воз кечмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, Эрон билан иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёрлигини маълум қилди. Ислом Каримов шу пайтга қадар имзоланган битим ва ҳужжатлар ижросини назорат қилиш учун қўшма комиссия тузишни таклиф қилди.

Эрон матбуотига кўра, Ўзбекистон раҳбари Ҳасан Руҳонийнинг босиқлиги, донишмандлиги ва бағрикенглигини дунё сиёсатчилари учун ўрнак сифатида кўрсатган.

“Сўнгги бир йил давомида Эрондаги вазиятни кузатиб бораяпман ва сизнинг раҳбарлигингизда Эрон катта муваффақиятларга эришди”, — дея Ўзбекистон раҳбаридан иқтибос келтиради ИРНА.

Агентликка кўра, Ҳасан Руҳоний Ислом Каримовни Теҳронга таклиф қилган ва бу Ўзбекистон раҳбари томонидан илиқ кутиб олинган.

ЎзАнинг хабар қилишича, Ислом Каримов саммитга ШҲТда кузатувчи мақомидаги мамлакат раҳбари сифатида ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди, бу алоқаларни, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

ЎзАга кўра, транспорт-коммуникация соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзолангани бунга мисол бўла олади. Таъкидлаш жоизки, трансминтақавий транспорт коридорини очишга қаратилган (иштирокчи мамлакатлар томонидан ўз вақтида илгари сурилган лойиҳа деб баҳоланган) бу ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Экспертларнинг фикрича, мазкур лойиҳа иқтисодий жиҳатдан катта салоҳиятга эга. Янги бозорларга чиқишнинг бундай қулай йўли бошқа мамлакатлар, хусусан, Хитой ва Россия учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин.