Ислом Каримов: “Бизга тинчлик ва омонлик керак”

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллиги билан Ўзбекистон халқини қутлади.

Ислом Каримов бугун халқимиз она юртимизнинг буюк тарихидаги ҳақиқатан ҳам биз учун энг улуғ, энг азиз бўлган Ватанимиз мустақилликка эришган куннинг йигирма уч йиллик байрамини катта шоду хуррамлик билан нишонламаётганини қайд этиб, ана шу қутлуғ айём билан бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаш, барча-барчангизга ўзининг чуқур ҳурмати ва эҳтиромини билдиришдан бахтиёр эканлигини қайд этди.

“Мустақиллик, истиқлол деган улуғ неъмат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк санадир, — деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов мустабид тузум қандай адолатсизлик, зулм ва зўравонлигини ўтказмасин, халқимиз ўзлигини, иймон-эътиқодини, дину диёнатини асло йўқотмади ва бошимизга қандай оғир ва машаққатли синовлар тушмасин, ўз қадр-қимматини юксак сақлаб келмоқда, деб қайд этди. “Бу ҳақиқатни ҳеч ким ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини истардим”, — деди Президент.

Ислом Каримов “бир пайт билдирган фикримни яна такрор айтаман: моддий нуқтаи назардан биз энг ривожланган давлатлардан балки ҳали орқададирмиз. Лекин, биз ўз йўлимизни танладик ва бу йўлдан қайтмасдан, қатъий ишонч билан айта оламиз: моддий нуқтаи назардан ҳам бу марра албатта бизники бўлади, аммо маънавий нуқтаи назардан қараганда, энг енгилмас куч ўзи нима? Юксак маънавиятли халқ эмасми? Ўзингиз айтинг, бундай халқни енгиб бўладими?”, деб алоҳида қайд этди

Президент ўз табригида халқаро вазиятга ҳам баҳо бериб ўтган. Унда қайд этилишича, ҳозирги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, яқин ва узоқ атрофимизда экстремизм ва терроризм, қарама-қаршилик, қон тўкилиши, хавф-хатарлар ортиб, умуман, вазият тобора кескинлашиб бораётгани барчамизни хавотир ва ташвишга солиши табиийдир.

Минг афсуски, бундай қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятлар ўз ечимини топиб, камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.

Бундай ўта нотинч, таҳликали шароитда энг муҳим масала – бу ҳам бўлса, қаерда, дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, энди бошланаётган қарама-қаршилик ва пайдо бўлаётган можароларни эътиборсиз қолдирмаслик, улар урушга айланиб кетишининг олдини олиш учун вазият доимо жаҳон ҳамжамияти назоратида бўлиши даркор.

“Ўзбекистоннинг позицияси бундай ҳолатлар, кескин зиддият ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар билан ҳал этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида муҳрлаб қўйилган асосий принципларга ва халқаро нормаларга итоат қилган ҳолда, давлатларнинг суверенитети ва чегараларнинг дахлсизлигини бузишга, зўравонлик ва куч ишлатишга йўл қўймасликдан иборатдир”, — деди Ислом Каримов.

Мана шундай ўта мураккаб вазият барчамиздан аввало огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишни талаб қилмоқда.

Яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топиб, бизларни бирлаштирадиган умумий мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш устувор вазифамиз бўлиб қолишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Бизга тинчлик ва омонлик керак. Мана шундай эзгу фикр, эзгу интилиш барча-барчамизнинг юрагимиз, қалбимиздадир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

“Шу мунаввар оқшомда барчангизни бағримга босиб, Мустақиллик байрами билан табриклар эканман, ҳаммангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга, эл-юртимизга файзу барака тилайман”, — деди Ислом Каримов.