АҚШ Ўзбекистон савдо шериклари учлигига кирмоқчи

Шу йилнинг 11 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон — Америка бизнес форуми бўлиб ўтади. Америка — Ўзбекистон савдо палатаси тарқатган хабарда айтилишича, АҚШ делегациясига ушбу палата раиси Кэролин Лэмм ҳамда палата президенти Тимоти МакГроу раҳбарлик қилади. Ўзбекистон ҳукумати тарафидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев иштирок этиши кутилмоқда.

Кэролин Лэммнинг қайд этишича, ўтган йили Америка — Ўзбекистон савдо палатаси 20 йиллиги кенг нишонланди. Ўтган йилги форум АҚШ экспорт қилувчилари ҳамда ишлаб чиқарувчилари учун мавжуд молиявий воситаларга бағишланган эди. Жорий йилда эса икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини жиддий ривожлантирадиган масалалар, аниқ режалар муҳокама қилинади. “Булар АҚШни Ўзбекистоннинг савдо ва инвестиция шериклари рўйхатида дастлабки учликка киритиш имконини беради”, — деди Кэрилон Лэмм хоним.

У АҚШ бизнес доираларининг қизиқиш ва саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирган.

Тимоти МакГроу эса ишбилармонлар икки давлат учун фойдали бўлган инновация лойиҳаларини ва технологияларини, илмий тадқиқотларни жорий қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди. “АҚШ компаниялари рақобатдош бўлган технология ва тажрибасини рўёбга чиқариш учун имконият берилишига умид билдирмоқда”, — деди у.