Тошкентда Америка фильм фестивали ўтказилади

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда шу йилнинг 26-28 сентябрь кунлари Америка фильм фестивалини ўтказади.

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, фестиваль Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади.
Бу йилги фестиваль мавзуси “Америкада улғайиш” деб аталади. Намойиш этиладиган фильмлар Америкада вояга етиш ва америкача орзу учун интилиб яшаш билан боғлиқ хилма-хил воеқаларни қамраб олган. Уларда АҚШдаги қадриятлар, анъана ва урф-одатлар тасвирланиб, томошабинлар улардан турфа кечинмаларга бой америкача фильмлардаги ўзига хосликни осон илғаб олишлари мумкин. Ҳар бир фильмда америкача маданиятнинг муҳим бир томони намоён бўлади.

Бу йилги фестиваль учун танлаб олинган фильмлар қаторига “Ёнимда қол” (драма), “Янгиликфурушлар” (мюзикл), “Узилиш” (спорт), Питер Пен (мультфильм) ва бошқалар киради. Фильмлар инглиз тилида инглизча ё русча субтитр билан намойиш этилади. Кириш бепул бўлиб, фақат жойлар сони чегаралангани учун меҳмонлардан эртароқ келиш сўралади.

Фестиваль дастури қуйидагича:

Жума, 26 сентябрь
19:00 – Ёнимда қол (драма)
Шанба, 27 сентябрь
12:00 – Янгиликфурушлар (мюзикл)
15:00 – Узилиш (спорт)
18:00 – Бруклин қалъаси (ҳужжатли фильм)
Якшанба, 28 сентябрь
12:00 – Питер Пен (мультфильм)
15:00 – Руби Бриджес (оилавий фильм)
18:00 – Кўринмас томон (драма)