“Ватандош” жамияти ўзбек тили ойлигини ўтказиш ташаббуси билан чиқди

Маълумки, сўнгги йилларда чет элга кўчиб кетаётган ўзбекистонликларнинг сони изчил ортиб бормоқда. Ўзга мамлакатларда узоқ муддат яшаётган ватандошларимиз орасида эса хорижий тилни ўрганиш эвазига ўз она тилини унутиб бораётганлар, афсуски, учраб турибди. Бу миллат ва ватан ўртасидаги риштанинг узилишига олиб келади. Миллий урф-одатларимиз, маънавиятимизнинг йўқолишига, ўзликнинг бой берилишига сабаб бўлади.

Шу боис бундай салбий тенденциянинг олдини олиш мақсадида АҚШдаги “Ватандош” Ўзбек-Америка жамияти хорижда истиқомат қилувчи ватандошларимизни ва ўзбек тилида иш юритувчи нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларини интернет орқали оммавий “Ўзбек тили ойлиги”ни ўтказишга чақиради.

Жамият вакилларига кўра, ҳар йилнинг октябр ойини ушбу ҳаракатга қўшилувчи барча томонлар ўз сайтлари ёки тадбир-маросимлари орқали “Ўзбек тили ойлиги” бошланганини эълон қилса ва тилнинг аҳамияти, ўзбек адабиёти, тил муаммолари ва уларни бартараф этиш каби мавзуларда қатор мақолалар, интервьюлар, давра суҳбатлари ва бошқа турдаги ахборот материаллари тайёрлаб, ўқувчиларга етказиши керак бўлади.

Жамият ушбу ҳаракатга қўшилиш истагида бўлганларни ва уни қўллаб-қувватлайдиганларни, биринчи навбатда, ушбу ойликнинг мукаммал режасини тузиб чиқишга таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган.

Ушбу ташаббус бўйича фикр-мулоҳазаларингиз ва таклифларингиз билан сайтимиз, фейсбукдаги саҳифамиз орқали қатнашишингиз мумкин.