Ўзбекистон Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки таъсисчиси бўлди

Ўзбекистон янги ташкил этилаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки таъсисчилари таркибига кирди. Trend ахборот агентлигининг хабар беришича, яни банкнинг устав капитали 100 миллиард долларни ташкил қилади.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкини тузиш бўйича англашув меморандуми шу йилнинг 24 октябрь куни Пекинда имзоланган. Мазкур ҳужжатни Ҳиндистон, Сингапур, Филиппин, Монголия, Бангладеш, Бруней, Камбожа, Хитой, Лаос, Кувайт, Малайзия, Мьянма, Непаль, Уммон, Покистон, Қатар, Шри-Ланка, Таиланд, Ўзбекистон ва Қозоғистон имзолаган. Янги банкнинг бош қароргоҳи Хитойда жойлашади. Мазкур молия муассасасининг дастлабки капитали 50 миллиард долларни ташкил қилади.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Осиё мамлакатларининг иқтисодий тараққиётидаги тафовутни қисқартириш учун инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади. Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ ва шаҳар инфратузилмасини молиялаштириш банкнинг устувор йўналиши ҳисобланади.

Банкнинг расмий очилиш маросими 2015 йилнинг охирига мўлжалланган.

The New York Times’нинг ёзишича, янги банк Хитой бошчилигида ташкил этилиб, Жаҳон банки сингари англо-саксон банк тизимига рақобат қилади. Ушбу банк таъсисчилари таркибига Япония, Жанубий Корея, Австралия, Индонезия кирмаган.

Жанубий Корея ва Австралия АҚШ билан бирга ушбу банкнинг тузилишига қарши кампания олиб боришди. Уларнинг фикрича, бу лойиҳа АҚШ ҳал қилувчи овозга эга бўлган Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки имкониятларини чеклайди.

Хитой вакилларига кўра, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кўпроқ қашшоқликка қарши курашишни мақсад қилгани боис янги банк инфратузилмаларни ривожлантиришга ҳаракат қилади.

Шундай бўлса-да, Жанубий Корея ва Австралия ушбу банкка қўшилиш масаласида тўлиқ рад жавобини бергани йўқ. Хусусан, улар айрим шартлар бажарилса, унга қўшилишлари мумкинлигини маълум қилишди.

Осиё тараққиёт банкининг 2009 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Осиё қитъаси давлатларида 2020 йилга қадар 8 триллионлик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга эҳтиёж бор.