Пан Ги Мун: “Ҳеч бир мамлакат Орол денгизи фожеасини ёлғиз ҳал этишга қодир эмас”

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун халқаро донорларни тобора қуриб бораётган Орол денгизи экологик инқирозини бартараф этишда фаол иштирок этишга чақирди. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар тарқатди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бугун Ўзбекистоннинг Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига ўзининг видео мурожаатини йўллади.

“Бугун Орол денгизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш ёқасида турибди. Бу йўқотиш Ўзбекистон ва унинг ташқарисида яшайдиган миллионлаб одамларнинг ҳаётига ўз таъсири ўтказади”, деб баёнот берди Пан Ги Мун. БМТ раҳбарининг ҳисоблашича, сув ресурсларининг нооқилона бошқарилиши Орол денгизи қуришининг асосий сабаби ҳисобланади.

Бош котиб трансчегара сув ресурслари бошқарилишидаги халқаро ҳамкорликнинг, биринчи галда, минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. У Оролни қутқариш халқаро жамғармаси БМТ томонидан қўллаб-қувватланаётганини тилга олди.

Пан Ги Мун БМТнинг кўпгина муассасалари, жумладан, БМТнинг Марказий Осийодаги превентив дипломатия маркази минтақа аҳолисининг турмуш кечириш шароитларини яхшилашда кўмак кўрсатиш юзасидан барча саъй-ҳаракатларини сафарбар қилаётганини, экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга ёрдам бераётганини қайд этди.

БМТ Бош котиби бундай барча саъй-ҳаракатлар донорлар томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирди. У ҳеч бир мамлакатнинг Орол денгизи фожеасини якка ҳолда ҳал этишга қодир эмаслигини таъкидлар экан, ушбу ҳалокат муносабати билан халқаро фаолиятни жадаллаштиришга даъват этди.

Пан Ги Мун Ўзбекистондаги учрашув қатнашчиларига муваффақиятлар тилади.