Халқаро донорлар Оролни қутқариш ишларига 3 миллиард доллар ажратишди

Халқаро донорлар қуриб бораётган Оролни қутқариш ишларига 3 миллиард доллар ажратишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов маълум қилди.

Маълумки, шу йилнинг 28-29 октябрь кунлари Урганчда “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Ушбу анжуман якунлари бўйича 30 дан ортиқ турли ҳужжатлар имзоланган.

Рустам Азимовнинг сўзларига кўра, ажратилган маблағларнинг 1 миллиард доллари грант ва техник кўмак бўлса, 1,9 миллиард доллари имтиёзли кредитлар ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда 2011—2015 йилларга мўлжалланган дастур рўёбга чиқарилмоқда. Унга биноан, БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа Иттифоқи, бир қатор мамлакатлар ҳукуматлари кўмагида жами 8,5 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда.

Урганчдаги конференцияда БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Ерости сув ресурсларини баҳолаш халқаро маркази, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ОПЕК каби 24 нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари вакиллари, Австрия, Венгрия, Германия, Испания, Хитой, Латвия, Малайзия, АҚШ, Франция, Швейцария, Жанубий Корея, Япония сингари 26 давлатдан экология, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш соҳаси олим ва экспертлари иштирок этди.