ЕХҲТ Ўзбекистон парламент сайловларига кузатувчи юборадими?

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси департамент бошлиғи ўринбосари Никола Шмидт бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси 2014 йил 21 декабрь кунига белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловнинг қонуний асослари билан таништирилган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг шу йил 9 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қайд этишича, Ўзбекистондаги парламент сайловлари очиқ, шаффоф ва ошкора тарзда ўтади ва бунга халқаро кузатувчиларсиз эришиб бўлмайди.

Марказий сайлов комиссияси бешта халқаро ташкилот – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), шунингдек, ўтган йили таъсис этилган Жаҳон сайлов органлари уюшмасига халқаро кузатувчиларни жўнатишни сўраб, таклифлар жўнатган.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг қайд этишича, аввалги парламент сайловларини яқин ва узоқ хориж мамлакатлари, шунингдек, халқароо ташкилотлардан ташри буюрган 300га яқин халқаро кузатувчи кузатиб борган эди. «Бу сафар ҳам уларнинг сони кўп бўлади», – деди МСК раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар 2014 йил 21 декабрь куни ўтказилади. Унда Ўзбекистонда рўйхатга олинган тўрт партиянинг барчаси – «ЎзЛиДеП», «Адолат», «Миллий тикланиш» ва Халқ демократик партияси, шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракати иштирок этади.

2009 йилги сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси 13 кузатувчидан иборат миссияси билан иштирок этиб, сайловлар бўйича баҳосини берган эди.