Ўзбекистон 2014/2015 йилларда пахта экспорти ҳажмини 15 фоизга қисқартиради

Ўзбекистон 2016 йилга бориб пахта толасининг ички истеъмоли ва экспорти паритетларини кескин ўзгартиради. Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 октябрь куни Тошкентда очилган X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида маълум қилган.

“Ҳукумат пахта толасини қайта ишлаш бўйича янги корхоналарни ташкил қилиш ва мавжуд қувватларни кўпайтириш орқали экспорт ҳажмини қисқартириш сиёсатини олиб боради. 2015 йил охирига қадар қўшимча 500 минг тоннага кўпайтирилади”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси прогнозларига кўра, Ўзбекистон 2014/2015 йилларда пахта экспортини 2013/2014 йилдагига қараганда 15 фоизга камайтиради. Ўзбек пахтасининг 39 фоизи Бангладешга, 25 фоизи Хитойга, 7 фоизи Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2014 — 2020 йилларда республика текстиль саноатини модернизация қилишга 1 миллиард доллар йўналтирилади. Янги қабул қилинган дастурга биноан, 2020 йилга бориб мамлакат пахта толасини қайта ишлаш 44 фоиздан 70 фоизга чиқарилади. Натижада текстиль маҳсулотлари экспорти 800 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта хомашёси, 1-1,2 миллион тонна пахта толаси етиштиради.