“Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилишни тўхтатишни режалаштирмоқда

“Газпром” компанияси яқин вақтлар ичида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистондан табиий газ харид қилишни тўлиқ тўхтатиши мумкин.

Бу ҳақда компания вакили “Интерфакс” ахборот агентлигига маълум қилган. Лекин бу ишни амалга ошириш учун шартнома асос бўлган ҳукуматлараро битимларни бекор қилиш керак бўлади. Компания вакилига кўра, ушбу битимларни бекор қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, “Газпром” компанияси 2015 йилда газ қазиб олиш миқдорини 5 фоизга оширишни мўлжалламоқда. Компания департамент бошлиғи Всеволод Черепановнинг айтишича, ўтган йилдагига қараганда кўпроқ газ қазиб олинади. Бу бир неча ўн миллиард куб метр кўп деганидир.

“Газпром” 2014 йилда 463 миллиард куб метр газ қазиб олишни прогноз қилган. Агар департамент бошлиғининг маълумотлари асосли бўлса, ушбу рақам 486 миллиард куб метрга етади.

Всеволод Черепановнинг айтишича, компания келаси йилга балансни режалаштиришда Марказий Осиёдан газ харид қилишни тўхтатишдан келиб чиқмаган.

Айрим интернет манбаларига кўра, Ўзбекистон “Газпром” компаниясига йилига 7,5-8,5 миллиард куб метр газ сотади.