Абдулазиз Комилов Германияга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 14-15 октябрь кунлари Германияга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ташриф доирасида Абдулазиз Комилов Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер ҳамда бошқа расмий шахслар билан мулоқот олиб боради. Томонлар ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболи, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишади.

“РИА Новости”нинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таяниб хабар тарқатишича, кун тартибида Термиздаги аэропорт базасидаги транспорт-логистика тармоғидан фойдаланиш бўйича битим қоидаларини қайта кўриб чиқиш борасида музокаралар ўтказиш ҳам бор.

Бундан аввалроқ, бир қатор интернет нашрларида Ўзбекистон мазкур стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳарбий объект (Термиз аэропорти)нинг инфратузилмасини яхши ҳолатда сақлаш учун Германия тарафидан ижара ҳақини оширишни талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқаган эди. Июль ойи охирида Германия компаниялари ва мутахассисларининг Термиз аэропортини кенгайтиришда иштирок этишига оид масалалар муҳокама қилинганди.

Ўзбекистон ва Германия Термиз аэропортидан ноҳарбий юкларни ташиш учун фойдаланиш мақсадида 2002 йил февраль ойида битим имзолаган эди. 2010 йилда мазкур аэропортдан фойдаланиш юзасидан янги битим имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Термиз аэропорти фақатгина логистика мақсадларида ишлатилади.

Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.