Ўзбекистон парламенти ҳукуматнинг 2015 йилда салкам 1 миллион киши бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади.

Парламент ахборот хизмати хабарида айтилишича, мазкур дастурнинг прогноз кўрсаткичлари ҳудудларни, хизматлар ва сервис соҳасини ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва пудрат қурилиш ишларини амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш дастурларининг рўёбга чиқарилишини инобатга олган ҳолда, бандлик ҳудудий тузилмасининг даражасини ошириш ва такомиллаштиришга, меҳнат бозорида иш кучига бўлган талаб ва таклифнинг мувозанатлилигини таъминлашга қаратилган.

Дастур доирасида келгуси йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш ва 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади. Умуман олганда, дастурнинг бажарилиши 987,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашади. Бунда таълим муассасаларининг битирувчиларини, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.