“Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилишни нега тўхтатмоқда?

Маълумки, ўтган ҳафта Россия оммавий ахборот воситаларида “Газпром” компанияси яқин вақтлар ичида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистондан табиий газ харид қилишни тўлиқ тўхтатиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.

“Газпром” компаниясининг ташқи иқтисодий фаолият департаменти бошлиғи Павел Одеровнинг айтишича, қаердаки газ харидини оптималлаштириш имкони бўлса, ушбу чорага қўл урилади. Қаердаки шартномавий мажбуриятлар бўлса, компания ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади.

Компания Ўзбекистон ва Туркманистондан газ харид қилишни тўхтатишни режалаштирмоқда. Аммо буни амалга ошириш учун ҳукуматлараро имзоланган шартномаларни бекор қилиш керак бўлади. Павел Одеровнинг айтишича, ҳозирги кунда ушбу шартномаларни бекор қилиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. “Газпром”нинг исми ошкор қилмаган вакили қайд этишича, Марказий Осиё гази жуда қимматлашиб кетди.

“Газпром” 2013 йилда Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжондан 30 миллиард метр куб газ харид қилган. Бунда ҳар 1000 метр куб газнинг нархи ўртача 275,8 долларга айланган. Компания ўтган йили 478,4 миллиард куб метр газ қазиб олган. Жорий йилда бу кўрсаткич 15,4 миллиард метр кубга камайиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Газпром” компанияси бош директори Алексей Миллернинг айтишича, Марказий Осиё газини етказиб беришда ҳар йили узилишлар бўлиб туради. “Шуни олдиндан аниқ айтиш мумкинки, ушбу ҳудуд газ етказиб берувчиларидан келаётган қишда ўнлаб миллион метр куб газни ола олмаймиз”, — деди у.

Илгари Марказий Осиё гази Украинага йўналтирилган. Ҳозирги кунда эса ушбу мамлакатга газ етказиб бериш тўхтаб турибди. Марказий Осиё гази, шунингдек, Россиянинг жанубий ҳудудлари таъминотига ҳам ишлатилади. Миллернинг айтишича, “Газпром” Марказий Осиё газини Россия газига алмаштириш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Бу, айниқса, Украинадаги воқеалар натижасида янада жадаллашди.

“Роснефть” компанияси вице-президенти Влада Русакованинг айтишича, Россияда газ керагидан ортиқ қазиб олинмоқда. Газ бозорида Россиянинг гази етарли даражада. Шундай бўлса-да, Марказий Осиё гази реэкспорт қилинмоқда, давлат божи олинамяпти. Ваҳоланки, бунинг ўрнини Россия гази бемалол эгаллай олади. Марказий Осиё гази учун янги бозор — Хитой бор.

“Сколково” бизнес-мактаби энергетика маркази экспертларининг ҳисоб-китоб қилишича, Марказий Осиёнинг реэкспорт қилиниши ҳисобига Россия бюджети 3,5 миллиард доллар маблағ олмайди.

Экспертларнинг фикрича, “Газпром” Марказий Осиё газини даромадли бўлгани учун эмас, балки минтақада монопол мавқени сақлаб қолиш учун харид қилган. Чунки Марказий Осиё, айниқса, Туркманистон газининг Европа ёки Хитойга тўғридан-тўғри қилиши нафақат компаниянинг, балки Путиннинг геосиёсий мақсадларига таҳдид солади. Негаки, бунгача Туркманистон газига Европа Иттифоқи катта қизиқиш билдириб келади. “Жанубий йўлак”, “Транс Каспий” газ қувур лойиҳалари шулар жумласидандир. Аммо Туркманистон 2009 йилда Хитойга газ экспорт қилишни бошлади. Натижада Россияга экспорт 4 баравар қисқарди, газ нархи арзонлашди.

Россия миллий энергия хавфсизлиги фонди директори ўринбосари Алексей Гривачга кўра, “Газпром” Ўзбекистон ва Туркманистондан газ харид қилишни тўхтатади. Ўзбекистон газини харид қилиш бўйича битим 2015 йилда тугайди, шунгача ҳам томонлар розилиги билан газ экспорти йилдан-йилга камайтириб борилмоқда. Ўзбекистонда газнинг асосий қисмини “Лукойл” компанияси қазиб олмоқда ва бу газнинг катта қисми Хитойга экспорт қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатда ҳам Россияга табиий газ етказиб беришни камайтираётганини маълум қилган. Бунда Хитойга газ экспорти ҳажми оширилади. “РИА Новости” ахборот агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таяниб маълум қилишича, 2021 йилга бориб Ўзбекистоннинг асосий газ экспорт йўналиши Хитой бўлади.

2015 йилда Чин мамлакатига 10 миллиард куб метр газ экспорт қилинади. Маълумот учун айтиш керакки, 2013 йилда бу кўрсаткич 6 миллиард куб метрни ташкил қилган эди. Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, бугунги бозор ҳақиқатлари, қолаверса, Россияда талабнинг сусайишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон икки йил аввал газ экспортини диверсификация қилиш чораларини кўрган эди. Унинг ҳисоб-китоб қилишича, сўнгги 5-6 йил учун Ўзбекистоннинг газ экспорт салоҳияти 15-16 миллиард куб метрдан ошмайди. Шунинг учун асосий газ импорт қилувчи мамлакатнинг ўзгариши жуда катта таъсир кўрсатмайди. Умуман, Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи қурилгач, мазкур газ қувурининг ўтказиш қуввати йилига 55 миллиард куб метрга етади.

Ўзбекистон 2013 йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шуни айтиш керакки, мамлакатда йилига 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Унинг тахминан 50 миллиард куб метри ички истеъмолга йўналтирилади. “Газпром”га эса 2013 йилда 7,5 миллиард куб метр, 2012 йилда эса 8,7 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

Айрим экспертларнинг фикрича, “Газпром”нинг Ўзбекистон газ бозоридан тўлиқ чиқиб кетиши Қирғизистон учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки иккитомонлама мажбуриятларнинг бўлмаслиги музокаралар жараёнини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда “Газпром” фақатгина Қозоғистон орқали Қирғизистон жанубий вилоятлари газ таъминотини йўлга қўйиши мумкин.