Ислом Каримов “Марказий Осиё — Форс кўрфази” транспорт йўлаги бўйича меморандумни тасдиқлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Эрон, Уммон, Қатар, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича 2014 йил 6 август куни Маскат шаҳрида имзоланган меморандумни тасдиқлаган.

Президент Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисидаги депозитарийга тегишли билдиришнома йўллашни топширган.

Ислом Каримов, шунингдек, ҳукуматга шартнома ижросини назорат қилишни тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 25 апрелда Ашхобод шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон Султонлиги, Қатар Давлати, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ҳамда транзит йўлагини ташкил этиш битими имзоланган эди.

Бу транспорт йўлаги Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Шунинг учун ҳам 2013 йил ноябрь ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташриф доирасида ҳам бу масала алоҳида кўтарилган эди. Ўзбекистон томонининг фикрича, Эроннинг Бандар Аббос ва Туркиянинг Мерсин бандаргоҳлари йўналиши бўйича Туркманистон коммуникацияларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш учун тарифларни оптималлаштириш, қулай преференциялар жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мамлакатларнинг Форс кўрфази портларига чиқишини таъминлаш учун Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар халқаро транспорт ва транзит йўлагини барпо этиш тўғрисидаги битимни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш зарурлиги ушбу учрашувда алоҳида қайд этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу йилнинг август ойида Масқат шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирларининг учрашувида қатнашиб, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича битимнинг кучга кириши бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашган эди.