Ислом Каримов: “Порошенко МДҲдан чиқиш фойдами ёки зарарми эканлигини ўзига аниқ тасаввур қила олмаяпти”

Аввал хабар қилинганидек, ўтган ҳафта Беларусь пойтахти Минск шаҳрида МДҲ давлат раҳбарларининг кенгаши бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир қатор масалаларда, хусусан, Украина масаласида қатъий ва жиддий фикрлар билдирди. Унинг нутқи ЎзА расмий сайтида эълон қилинди.

Ислом Каримовнинг фикрича, Украинада бизнингча, юзага келган муаммоларни ҳал этиш усули сифатида куч ишлатишдан воз кечиш, фақат халқаро ҳуқуқнинг муҳим нормаларига ва БМТ Низомига асосланган сиёсий воситалардан фойдаланиш, томонларнинг ўт очишни тўхтатиш ва ярашиш бўйича Минск келишувини сўзда эмас, амалда тўла бажариши Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар жараёни учун зарур шароит яратиши мумкин.

Афсуски, бу борада кўзда тутилган ва музокара жараёнларига ёрдам берадиган жиддий сиёсий масалалар муҳокамаси ҳамон бошлангани йўқ.

— МДҲ давлат раҳбарларининг бугунги учрашувига бевосита тааллуқли бўлган яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман, — деди Ислом Каримов. — Икки кун аввал бизнинг учрашувимизда Украина президенти жаноб П.Порошенко иштирок этиши ҳақидаги хабар муҳим янгилик сифатида тарқатилди. Бироқ, кеча кечқурун жаноб П.Порошенко учрашувга келмаслиги, унинг режалари ўзгариб қолгани хабар қилинди. Бизнингча, бундай қарорни маъқуллаб бўлмайди. Салкам бир йилдирки, Украинадаги қарама-қаршиликлар энг долзарб муаммолардан бири сифатида бутун дунёда, жумладан, собиқ иттифоқ ҳудудида муҳокама этиб келинмоқда. Дарвоқе, бугун энг чекка туманлар, қишлоқлар аҳолиси ҳам Украинада қандай воқеалар рўй бераётганини телевидение орқали кўриб, билиб турибди. Бундай шароитда ушбу воқеаларга лоқайд қарайдиган одам бўлмаса керак. Украинада нималар юз бераётгани ва булар қандай бошланганидан деярли барча яхши хабардор. Ўзаро курашаётган томонлар ўртасидаги зиддиятлар қачон ва қандай тугашини ҳамма кутмоқда. Бинобарин, бу муаммо имкон қадар тезроқ ўз ечимини топиши даркор.

Шу ўринда ўзимизга савол берайлик: МДҲ давлат раҳбарларидан қайси биримиз жаноб П.Порошенко билан юзма-юз учрашдик? Фақат айримларгина. Ўтган вақт мобайнида П.Порошенко Европанинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Брюсселда, бошқа давлатларда бўлди.

Ислом Каримовнинг фикрича, ҳолбуки, у МДҲнинг бугунги саммити мажлисида иштирок этиб, имкониятдан фойдаланиши мумкин эди. Дарвоқе, Украина ҳали МДҲ таркибидан чиққани йўқ. Шундай таассурот пайдо бўлмоқдаки, жаноб П.Порошенко иккиланиб турибди ва МДҲдан чиқиш фойдами ёки зарарми эканлигини ўзига аниқ тасаввур қила олмаяпти. Энг муҳими, у бугунги мажлисда иштирок этиб, ўз фикрини баён қилганида, Украина муаммосини ҳал этиш борасида биз учун аниқлик киритилган бўлар эди. Афсуски, бундай бўлмади.